Мен ғарибман

«Ислом ғарибликдан бошланди ва ғарибликка қайтади» деган ҳадисни кўп бора эшитганман. Қайта ва қайта эшитишганимга қарамай, бу ҳадисни бугунгидай бутун вужудим ила ҳис қилмаганман.

Бугун кўп ҳақиқатларни англаб етдим. Ўз она шаҳрим ичра бегонаман. Ҳар куни кўрадиган, саломлашадиган, улфатлашадиган одамлар бугун менга бегоналигини, қариндошларим, дўстларим ичра келгинди, сиғиндига айланиб қолганимни ҳис қилдим. Шаҳар кўчаларини айланар эканман, гўёки бу шаҳар ва бу шаҳарнинг одамларига ўгай эканлигимни ўз танамда туйдим.

Бу шаҳарни одатлари, байрамлари, инсонлари ичра ўзимни ўзга сайёра вакили каби тутдим. Гўёки оқимга қарши тургандай, гўёки ҳамма мени қўли билан кўрсатаётгандай бўлди.

Бугунги кун Ўзбекистон деганда — водийни, водий деганда — Қўқонни дин шаҳри, иймон шаҳри, ислом шаҳри деб биладиган мен каби инсонни дунёқарашини, ўлчовларини ўзгартириб юборди.

Ўзимни бу шаҳар ичра, бу одамлар ичра ҳақиқий ғариб каби ҳис қилдим. Одамлар оралаб борар эканман «Ғариблар кимлар?» деб ичимдан келаётган овозга, ҳайқириб, бор овозим билан: «мен ғарибман, Аллоҳим, гувоҳ бўл, мен ғарибман» дегим келди.

Мен яхши гумонда бўлган инсонлар бугун асл юзларини кўрсатишди. Аллоҳим мен бу қавмдан эмасман. Гувоҳ бўл, мени бу қавмга алоқам йўқ. Бу қавмни ўзинг ҳидоят қил. Ўзинг раҳм қил.

Эътибор берган бўлсангиз юқоридаги ҳадисни давомини ёзмадим. Давоми: «Ғарибларга жаннат бўлсин». Бугун мен каби ғариб бўлиб қолган, дўстлари, синфдош, курсдош, қариндош-у, таниш-билишлари байрам қилганда, жимгина уйида ўтирган, жимгина ҳар кунлик таомини еб, «байрамга» тайёргарлик қилмаганларга жаннат бўлсин.

Sayyid Islom

3 комментария

  1. Сен гарибмас, харифсан, янги йилни байрам килишнинг нима ёмон жойи бор? Исломга нима тескарилиги бор?

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *