Ўзбекистонда илк бор қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва “ҳосил байрами” тадбирлари ўтказилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланди. Юртимиз бўйлаб бу йил илк бор нишонлаётган ушбу сана «Ҳосил байрами» тадбирлари билан уйғун ўтмоқда.

ЎзАнинг хабарига кўра, Мустақиллигимиз ва тараққиётимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси – Конституциямиз қабул қилинганига 25 йил тўлди. Қўшалоқ байрамлар куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардан пойтахтимизга ташриф буюрган аграр соҳанинг энг илғор вакиллари Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйди.


Тадбир иштирокчилари Тошкент қишлоқ хўжалик техникаси заводида ташкил этилган кўргазмага ташриф буюрди.

Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, пировардида, қўл меҳнатини енгиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Германия, Россия, Туркия, Беларусь каби ўнга яқин мамлакат билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари яхши самара бермоқда.
Аграр соҳа вакиллари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энг замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди. Мазкур техникаларни сотиб олиш усуллари, фойдаланиш самарадорлиги, тежамкорлиги ҳақида маълумотга эга бўлди.

Тадбир иштирокчилари “Ўзкўргазмасавдо” марказида жорий йил 1-10 декабрь кунлари бўлиб ўтаётган асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси фаолияти билан танишди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур қарор билан Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси тузилди. “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлиш режалаштирилган, Фарғона давлат университетида зоотехника факультети ташкил этилади. Пировардида, сифатли асал ва асал маҳсулотлари етиштириш ҳажми ортиб, экспорт кўлами кенгаяди.

Асал байрамига ташриф буюрган меҳмонлар мутахассислар билан соҳанинг нозик сирлари, ҳосилдорликни ошириш ва тармоқни кенгайтириш истиқболлари борасида фикр алмашди.

Аграр соҳа вакиллари Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Ўзбегим отлари» от заводи фаолияти билан танишди.

Бу ерда парваришланаётган қадимий от зотлари – Ахалтака тулпорлари дунёга машҳур саналади. Бугунги кунда мазкур от заводида 400 га яқин Ахалтака, инглиз ва араб зотли отлар бор.

Мамлакатимизда йилқичилик ва от спорти жадал ривожланаётган соҳа ҳисобланади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 июндаги «Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари Тошкент шаҳридаги қатор музейларга ташриф буюрди.

Ўзбекистон амалий санъат музейида XIX асрнинг биринчи ярмидан ҳозирги кунгача бўлган даврда қўлигул усталар томонидан яратилган 7 мингдан ортиқ экспонат мавжуд.

Ўзбекистон давлат санъат музейида Осиё ва Европанинг ноёб санъат асарлари сақланади.

Темурийлар тарихи давлат музейи биноси мустақиллик даври шаҳарсозлик маданиятининг ноёб намунаси, мамлакатимиз архитектура санъатидаги дурдона асарлардан бири ҳисобланади. Музей фондларини бойитиш мақсадида археологик экспедициялар амалга оширилмоқда.

http://xs.uz/дан олинди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *