Виртуал қабулхонага 1 миллионта мурожаат келиб тушди

Кеча, 21 июль куни соат 16:45 да Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонасига 1 миллионинчи мурожаат рўйхатга олинибди. 10 ой ичида бир миллионта мурожаат! Табиий савол туғилади, бу мурожаатларнинг қанча қисми ижобий ҳал этилди? Албатта, бу бўйича статистик рақамлар мавжуд, масалан, келиб тушган мурожаатларнинг 950 мингга яқини кўриб чиқилган ва тегишли жавоблар қайтарилган.

“Бироқ, ҳали олдимизда ўз ечимини кутиб турган талайгина муаммо ва камчиликлар мавжуд эканини яхши тушунамиз. Айрим мурожаатлар қуйи даражадаги ижрочилар томонидан лозим даражада тўлақонли ва сифатли кўриб чиқилмоқда, деб айтиш қийин. Баъзи муаммоларнинг ечими эса, айниқса ижтимоий-иқтисодий, коммунал соҳадаги масалалар давлатимизда рўй бераётган ислоҳотларниниг кўлами ва натижаси билан боғлиқдир ҳамда маълум бир вақтни талаб этади”, — дейилади Президент девонининг Facebook’да ташкил этилган “Халқ билан мулоқот” гуруҳи хабарида.

Айни шу мавзуда айрим фикрларимни ўртоқлашмоқчи эдим. Алоҳида ҳолатларда мурожаатларнинг катта қисми муаммо исботини топмагани сабабли “ёпилган” ёки тўғри тушунтириб юборишган. Бошқа қинғирликлар ҳам борки, амалдорнинг юрагига қойил қоласан. Масалан, андижонлик 70 ёшли собиқ ўқитувчи Президент девонига ҳаж амалини бажаришга боришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. У 10 йилдан бери навбат кутиши, шу бўйича мутасаддиларга борса, яна 7 йилдан кейин навбати келишини айтиб, ноумид қайтариб юборганини маълум қилади. Биринчи сафар мурожаатни Андижон вилоят хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти кўриб чиқар экан, онахонни чақириб ҳам ўтирмасдан унинг тилидан ўзлари тушунтириш хати ёзиб, қўл қўйиб юборишади. Таассуфки, виртуал қабулхонада мурожаат ҳолатини онлайн кўриш мумкин. Мурожаати изсиз кетган онахон умид билан яна ёзади. Иккинчи сафар қўмита раҳбари уни чақириб “қ…б ўтириш”ни дўқ қилади. Бу бўйича менга мурожаат қилганлар кўплаб ҳужжатлар, мурожаатлар матнларини кўрсатишган, онахон ҳамон ҳажга бориш орзусида яшамоқда, аммо яна етти йил кутишга Аллоҳ изн берармикан?

Бундай вазиятлар жуда кўп, шу боис қайта ва қайта мурожаат қиладиганлар топилади. Натижадан қониқмаганлар журналистларга, “Халқ билан мулоқот” гуруҳига мурожаат қилмоқда, баъзилар ҳаммасидан кўнгли қолиб, аллақачон қўлини қўлтиғига урган…

Бироқ бу билан Виртуал қабулхона самарасиз ишлаяпти, деб бўлмайди. Унинг бир устунлиги бор, алоҳида ҳолатларда муаммоларга ечим топиб бермаса ҳам, умумий ҳолатда қайси вазирлик ёки ташкилот, қайси ҳоким ёки раҳбар қониқарсиз ишлаётгани, қаерда қандай тизимли камчиликлар борлиги, қайси қатламлар ёки қайси ҳудудларда ўткир, тезда ҳал этилиши керак бўлган масалалар борлиги яққол кўзга ташланиб қолаяпти. Сўнгги вақтларда бутун бошли вазирлик ва тизимларни тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарор ва фармонлар, қонунлар айни шу масалаларнинг ўрганиб чиқилаётгани натижасидир. Келгусида алоҳида ҳолатлар ҳам қатъий назоратга олиниб, кўтарилган масала ижобий ечим топишига ишонаман.

Санжар Саид

Фото: Tafsilot.uz

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *