«Шаблон»севар ходимлар

Давлат идоралари, хусусан, ҳокимият, ички ишлар ходимлари, врачлар, қўйингки, барча ташкилотлару у ерда фаолият кўрсатаётган раҳбарлардан тортиб, оддий ишчиларгача барчаси бир-хил, ёдлаб олган «шаблон» сўзларни ишлатиб, одамлар билан мулоқот қилишларига ҳеч эътибор қаратганмисиз? Қуйида «Халқ фикри» рукни остида Мадина Мўминованинг жўяли мулоҳазалари, ўринли танбеҳларини ҳавола этамиз. Сизга ҳам бу ҳолат танишми?

Баъзан ҳайрон қоламан. Тузуккина ишда ишлайдиган амалдорлардан тортиб, у ернинг ходимигача интеллектуал салоҳияти жуда паст. Масалан: Ички ишлар тизимининг баъзи ходимлари ёдлаб олган «шаблон» саволларни беради. Аввал қўрқитув механизми, кейин чалкаштириш, охирида эса енгилиш. Ҳокимиятчилар эса бунданам баттар. Фақат ўз йўналиши бўйича чиққан қарорларни бандигача ёдлаб олган. Сиз нима дардда борасизу, у ёдлаб олганини тутиқушдек сайрайди. Касалхонада ҳам аҳвол шу — битта касаллик билан учта врачга учрашсангиз, тўрт хил диагноз қўяди. Махалла идорасини менданам яхши биласиз…

…Сўнгги пайтда мени бироз ташвишда қолдирган ҳолат шундаки, асосан ёш кадрларни раҳбар лавозимга тайинлашяпти. 25 ёшли раҳбар. У ҳали ўзини ҳаётида паст баландликларни кўрмаган, тажрибага эга эмас, бола чақаси кичкина… сабаблари кўп. У қанақасига халқ билан ишлайди? Дардини ҳис қилолмаган инсон кесак қалб бўлмайдими? Уям шу ёдлаб олган «шаблон» гапи бўйича иш юритади, битта блокнотни қўлтиғига қисиб олиб, мажлисма-мажлис юришни қойиллатади. Нимадир десангиз, «биз 23 соат ишлаяпмиз!» дейди. Барака топгур, фақат ўзинг ишламай, калангни ҳам ишлат.

Истасак-истамасак, маънавиятга қадалиб келинади бу сабаблар. Техника асрини авлодлари китоб ўқимайди, мутолаани ёқтирмайди, ҳамма ишини телефонда биттиради. Маълумотни интернетдан олади. Тафаккур қилмайди ва энг асосийси «тинглаш» саънатини билмайди. Ёши катта раҳбарлар тингловчи, мулоҳазали бўларди. Ҳозирги фалон вазирдан аввалги комбайинчининг салоҳияти баландроқ эди.

Юртбошимизнинг битта гаплари жуда ёқди: «Ҳой барака топгур, китоб ўқимасанг, барибир фикринг саёз бўлиб, ҳеч нимани уддасидан чиқа олмайсан!» дедилар. Тўғри, эндиям вақтингиз бўлмайди, чунки вақт югуриб кетмоқда. Сал аввал ўқиб қўйганингизда эди… бугун қуйи бўғин биз бечоралар ҳам қийналмас эдик.

Мадина Мўминова

2 комментария

  1. эски ҳаммом бўлиб қолишига тўсқинлик механизмлари талаб этилмоқда, шу ҳам — мансабдорлар ҳалқ тилида гаплаша олиши !

  2. Шаблон такдирлаш маросимлари хам давом этажак… Шу йил Уммон гурухи «йигит»лари Узбекистонда хизмат курсатган артист унвони олишса, билингки бу Ёшлар иттифокининг шаблон такдимномаси асосида руй берган булади.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *