“Тошкент” фонд биржаси: номинал қиймати 747 сўмлик акция 40 000 сўмдан сотилди

Фонд биржаси савдоларида 11 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 52 та битим қайд қилиниб, 1,6 млн. дона акция 3,5 млрд. сўмга сотилди.

Жорий йилнинг 28–31 август кунлари “Тошкент” республика фонд биржаси савдоларида 11 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 52 та битим қайд қилиниб, 1,6 млн. дона акция 3,5 млрд. сўмга сотилди. Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 67,7 фоизи агросаноат мажмуаси ва 31,8 фоизи тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг йирик битим 30 август санасида “Surhonoziqovqatsanoati” акциядорлик жамиятининг 583,4 минг дона акцияси билан 2,3 млрд. сўм миқдорида тузилди.

Битимлар сони бўйича етакчиликни “Marg’ilon Fayz savdo kompleksi” акциядорлик жамияти эгаллаган ҳолда,  унинг 6,9 минг дона акцияси билан 7,0 млн. сўмлик 15 та битим амалга оширилди.

Шундай қилиб, “Surhonoziqovqatsanoati”  акциядорлик жамияти  (ҳафталик савдо айланмасининг – 66,4 фоизи)  ҳамда “Turkiston” ХАТБ (26,6 фоизи) ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентлар қаторига кирди. Савдо айланмасининг 93 фоизи улар ҳиссасини  ташкил этди.

Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 4 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Сурхондарё вилояти (66,4 фоиз) ва Тошкент шаҳридаги (26,8 фоиз) акциядорлик жамиятлари улушига тўғри келди.

Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди:

“SHIFOBAXSH BULOQ” акциядорлик жамияти бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 40 000 сўмга тенг бўлди. Акциянинг номинал қиймати эса 747 сўм эди.

“Guliston Ekstrakt-Yog’” акциядорлик жамияти  бир дона акциясининг номинал қиймати 1 999 сўм бўлиб,  савдо кунидаги биржа нархи 28 800 сўм бўлди.

Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра,  биржа савдоларида юридик шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг  85,8 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди. Ушбу ҳафтада тузилган битимлар сони бўйича эса жисмоний шахслар пешқадамлиги кузатилди (90,4%).

Таҳлилларга кўра,  якунланган август ойида фонд биржасида 22 та савдо сессияси ўтказилиб, 27 та акциядорлик жамиятининг 8,2 млн. дона қимматли қоғозлари билан 232 та савдо битими тузилди. Cавдо айланмаси бу ойда 13,6 млрд. сўмга етди. Фонд биржасида йил бошидан буён 66,4 млрд. сўмлик 1764 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 79 та эмитентнинг 1,2 млрд. дона қимматли қоғозлари сотилган.

Манба: “Kommersant.uz”.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *