“Сиз ўзингиз ватан учун нима қилиб қўйдингиз?”

Баҳс ва суҳбатларда бирор соҳадаги масъул шахслар ё улар жавобгар бўлган ишлардаги камчиликлар холис танқид остига олинса, айримлар “ўзинг нимани қойил қилдинг?” қабилида ҳақиқатни айтаётган инсоннинг оғзини ёпишга уринишади. Мана шундай фаросат эгаларига айтадиган гапим бор.

Ватан учун бирон нима қилиш дегани бу оламшумул ҳаракат-у кинолардаги сохта қаҳрамонликлар эмас. Ҳар қандай касб эгасининг ҳалол бажарган иши ўзи бир қаҳрамонлик. Ҳаттоки, иш тополмай, маошсиз ва “вақтинча ишсиз” мақомида юрган инсоннинг бирор жиноятга қўл урмай, жамиятга зиёни тегмаётгани ҳам ватан учун қилинаётган буюк иш. Ҳар ким ўз сабри, қобилияти ва лавозими чегарасида бирор юмушни бажаради.

• Кўча тозаловчисининг ҳамма ухлаб ётган пайтда, тонг отмасдан йўлларни покиза қилиб қўйиши қайсидир тадбиркорнинг янги иш жойлари яратишидан кам қаҳрамонлик эмас.

• Бирор шифокорнинг беморларни сидқидилдан даволаши бирор ҳокимнинг шаҳар ё вилоятни ривожлантиришидаги ҳаракатларидан кўра кам олқишланадиган иш эмас.

• Ўқитувчининг ўз ишини профессионал бажариши бирор раҳбарнинг мамлакат ривожланиши учун қилаётган жонбозлигидан паст баҳоланадиган юмуш эмас.

Шунчаки, одамлар кўпинча ОАВда кўп тилга олинадиган, экранларда кўп кўриниш берадиган инсонларни (артистми, спортчими, машҳур тадбиркор ё раҳбарми) олқишлашга, уларни қаҳрамон сифатида кўришга ўрганиб қолган. Аммо, бир чеккада ўз ишини индамай, виждонан ва муҳсинлик билан бажараётган қаҳрамонлар ён-атрофимизда. Сиз-у биз уларни ҳар куни кўча-кўйда, ошхоналарда ё бозорларда учратамиз. Ўша буюк қаҳрамонларнинг қайсидир бири автобусга чиқаётган, яна қайсидир бири ярим кило гўшт олаётган ва яна бири шунчаки пиёда ўйланиб кетаётган бўлади. Фақатгина уларни ТВда ё интернетларда кўрмаганимиз учун танимаймиз, менсимаймиз.

Шу сабабли, қайсидир камчиликни бартараф этишни кўзлаб, ўринли танқидий фикр айтган ҳар қандай инсонни тергашдан, “ўзинг нима қилиб қўйдинг” қабилида овозини ўчиришга уринишингиздан олдин бир оз ўйлаб олинг.

Эҳтимол, шу инсон юрт учун катта иш қилгандир. Эҳтимол, шу инсон ўша буюк қаҳрамонлардан биридир.

Абдулазиз САИД

Манба: azon.uz

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *