“МЕНИНГ ИСМИМ ДЖУМАНИЯЗ!”

Ишхонага кела солиб узлуксиз жиринглаётган телефон гўшагини кўтардим. Салом-алик боис овозидан дарров танидим, бообрўй маҳкамада ишловчи ёшуллилардан бири экан. Газетанинг кечаги сонида унинг мақоласини эълон қилдирган эдик. Шунга тил учида бўлса ҳам раҳмат айтиб қўйса керак деган хаёлда вужудим қулоққа айланиб, сўзларини тинглаб турдим. “Оға, қуллуқ” қаёқда дерсиз, кутилмаганда гўшакдан ёшулли жанобларининг ўшқирган овози эшитилди: “Ким сенга журналист деган диплом бериб қўйибди ўзи?! Ғирт саводсиз экансан-ку. Менинг исмим Джуманияз эканини ахир ҳужжатлар билан танишганда ўн марта кўрган эдинг-ку! Нега Жуманиёз деб ёзасан, саводсиз,!..”
Ёшуллининг нимага жиғибийрон бўлаётганининг сабабини англаб кулиб юбордим. У эса сўкинганча гўшакни қўйиб қўйди.
Ажабовур касбни танлаган эканман. журналистик фаолиятим давомида бу каби воқеаларга жуда кўп дуч келаман. Кимдир исми, кимдир эса фамилиясини хато ёзганимизни иддао қилиб жиғибийрон бўлиб телефон қилишади, ҳатто жанжалга керосин сепиб келадиганлар ҳам йўқ эмас. “Паспортимда менинг фамилиям Камилов. Сен уни Комилов деб нотўғри ёзибсан, – дейди хусусий тадбиркорлик тўғрисидаги мақолам қаҳрамони. – Жиллақурса исмимни тўғри ёзсанг бўлармиди?! Ахир Сагдулла деб ёзиб кўрсатган эдим-ку!”
Дарҳақиқат бу каби иддаоларга касбимиз тақозоси билан кунда, кунора йўлиқамиз. Ҳар гал эътироз билдирувчиларга матбуот – оммавий саводхонликни ташувчи манба бўлганлиги учун ҳам исм-фамилиялар гарчи ҳужжатларда хато ёзилган бўлса ҳам, газета-журналларда уни ўзбек тили меъёрларига мос равишда тўғирлаб ёзишимиз дуруст эканлигини эринмасдан тушунтирамиз. Бироқ бизни тушунган тушуниб, узрини айтади, тушунмаган жанжалга топиб, бизни чаласаводликда айблайди.
Яқинда касбдошлармизнинг муҳим бир масалалар ечимига қаратилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳамкасблармиздан бири айнан шундай “муаммо” билан бошини қотиришаётганлигини айтиб қолди. Кимдир исм-фамилиялар ҳужжатларда қандай қайд этилган бўлса, шундайлигича ёзиш керак, деса, бошқаси ўзбек тили меъёрларига мослаб, хатоларини тузатиб эълон қилиш зарур деган фикрларни билдирди.
Энсамни қотирган нарса шу бўлдики, олийгоҳда беш-олти йил ўқиб, илмий иш ёқлаган ёхуд нуфузли лавозимда ишлаётган шахслар ҳам матбуот – оммавий саводхонликни тарғиб қилувчи минбар эканлигини чуқур ҳис этмайдилар. Бундайлар ҳанузгача, гарчи ўрислар исканжасидан қутулганимизга чорак аср бўлиб қолган бўлса-да, ўз она тилимизга муҳаббат ва ҳурматни ҳис қилмаётирлар. Бу каби чаласаводларнинг ҳанузгача қачонлардир коммунистлар замонида паспортига ўрисчага мослаб, хато ёзилган фамилияларини ана ўша расвои жаҳонлигича матбуотга олиб чиқармоқчи бўладилар. Гарчи ҳужжатларда хато ёзилган бўлса ҳам, матбуотда уни тўғирлаб ёзиш – ёш авлодни саводхонликка ўргатиш, қолаверса ўз миллий тилимизга ҳурмат саналади.

«Хоразм ёшлари» газетасининг муҳаррири Эрпўлат БАХТ

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *