“Made in Uzbekistan” — қанчалар сифатли?

Ўтган ойда оёқ кийим олиш нияти билан Ўрикзор бозорига бордим. Савдо расталарини оралаб, турли хилдаги оёқ кийимларини кўрдим. Бозорда асосан Хитой ва Ўзбекистон маҳсулотлари(ўртахол одамлар учун хамёнбоп). Айниқса, бу мавсумда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган оёқ кийимлар дизайнида катта ўзгаришлар кўрдим. Сотувчилар ҳам ғурурланиб, юртимизда ҳам пишиқ-пухта оёқ кийимлар ишлаб чиқарилаётганини айтишди. Ватанпарварлигим тутдими, хитойликларникидан қиммат бўлса-да(!), ўзимизнинг миллий маҳсулотдан сотиб олдим.

Орадан бир ой ўтди. Ўзи бу енгил ёзги оёқ кийимни фақат шанба-якшанба кунлари кияман холос. Бугун қарасам, устидаги қатлами кўчиб, елими ажрай бошлабди… Тўғриси, бундан қаттиқ жаҳлим чиқди. Хатто Хитойдан келган оёқ кийими ҳам камида 1-2 йил чидаб берарди. Бир ойда дарз кетмасди. Ўзимизнинг маҳсулотнинг сифати бунчалар расво экани таъбни хира қилди.

Сизнинг-ча, айнан шу биргина ҳолат мақола қоралашимга сабаб бўлдими? Йўқ. асло ундай эмас. Негаки, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқли маҳсулотларни неч марта сотиб олган бўлсам, кўпинча улар тезда яроқсиз ҳолга келган. “Миллий маҳсулот” деб оғиз кўпиртирадиган техника ишлаб чиқарувчи машҳур компания телефони, холодильниги, ўзбекча номдаги икки марта кийсанг, шалпайиб кетадиган пайпоқлар, футболкалар, костюм-шимлар ва оёқ кийимлар…(автомобиллар ҳақида бир нима дея олмайман, ҳозирча машинали эмасман)

Шу ўринда маҳаллий тадбиркорларга саволим бор: Ўзбекистон номини маҳсулотингизга қўйиб, сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқаришга нима ҳаққингиз бор?! Нимага Ватан номини бир тийинга қиммат маҳсулотларингиз билан булғаяпсиз? Кўпинча Хитойдан келтирилган  маҳсулотларни «бир марталик», деб устидан куламиз. Ваҳоланки, ўзимизники уларникидан ҳам сифатсиз. Уларники “бир марталик” бўлса, бизники “ярим марталик”, ишонаверинг (фикрларимни тадбиркор ўқишига ишонмайману лекин шундай бўлса-да, бу саволларни бермасам бўлмасди).

Яқинда тадбиркорлар ҳақидаги кўрсатувда бир одамнинг хаяжонланиб гапирганига кўзим тушди: Айтишича, таниши хориждан, адашмасам Италиядан қиммат нархда костюм-шим сотиб олиб қараса, “Made in Uzbekistan” деган ёзуви бор экан. Бундан фахрланиб, ғурурланиб кетган эмиш…

Ҳа, юртимизда шундай тадбиркорлар бор. Инкор қилиш ниятим ҳам йўқ. Бу гаплар уларга тегишли эмас. Эътирозларим “Мендан кетгунча, эгаси етгунча”, қабилида ишлашга ўрганиб қолган айрим учар тадбиркорларга қаратилган. Чунки айнан шу каби қандай бўлмасин бир сўмни 10 сўм қилиш пайида юрган шоввозлар  Ўзбекистоннинг халқаро бозордаги имижига “ярим марталик” деган нисбат берилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу “ёрлиқ” бир марта ёпишса, кейин олиб ташлаб бўлмайди.

Сиз айтишингиз мумкин «бундай сифатсиз маҳсулотлар хорижий бозорга чиқарилмайди», деб. Тўғри. Ахир чет элликлар аҳмоқ эмас-ку! Мингта текширувдан ўтказади. Сифатсиз маҳсулотлар фақат маҳаллий бозорларда. Бироқ, юртимизга келадиган сайёҳлар уларни юртимиз бозорларидан сотиб олмайди, деб ким кафолат беради? Ҳеч ким!

Тадбиркорларга талабим: Ўзбекистон номидан сифатсиз, яроқсиз, “ярим марталик”, бир тийинга қиммат маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бас қилинг! “Ўзимникиларга бўлаверади”, деган аҳмоқона фикрни муборак бошингиздан чиқариб ташланг, илтимос! Майли, сизни «мамлакат имижи» ҳақидаги баландпарвоз даъвоим (сизнинг наздингизда) заррача қизиқтирмасин, лекин маҳаллий бозорлардан маҳсулот сотиб оладиган юртдошларингизни ҳурмат қилинг!

Жиддий айтганда, маҳсулотларни сифатини назорат қиладиган номи улуғ ташкилотлар ҳам ўз ишини виждонан бажарса, текширувга бориб, чўнтагини қаппайтириб қайтишни бас қилса, сифати ҳақида якуний қарор қабул қилишда “кўкатлар”га хаёл чалғитмай, инсоф билан бир тўхтамга келинса, мақсадга мувофиқ бўларди! Шу каби сифатсиз миллий маҳсулотлар камаяр эди.

Хўш, мен энди “Made in Uzbekistan” ёрлиқли маҳсулотларни сотиб оламанми? Қийин масала. Чунки бундай маҳсулотларга ишончдан кўра, шубҳаларим кўпроқ…

Хушёр Бек

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *