“Козёл” бўл, болам: бугун ёки ҳеч қачон!

Ўзбекистон ёшлари! Бугун Сизга мурожаат қилмоқчиман!

Сиз жуда катта орзу-умидлар билан Олий ўқув юртига ўқишга кирмоқчи бўлиб, ҳужжат топширгансиз. Эртага имтиҳонга кирасиз. Сиз охирги марта имтиҳон топшираётган кишидек ҳаракат қилинг. “Бугун ёки ҳеч қачон!” денг.

Нималар бўлди?

Ўтган йилларда “эскирган”, “ярамай қолган” ёзма ва оғзаки имтиҳонлардан воз кечилди ва ТЕСТ деган нарса жорий қилинди. Бирам хурсанд бўлдик, энди фарзандларимиз ўз билими билан ўқишга киради, деб. Аммо қинғирликнинг минг хил йўлини ўйлаб топишга ўрганиб кетган қинғир кишилар ТЕСТ борасида ҳам шунақанги ҳийла ва макрларни ўйлаб топишдики, буларни кўриб, шайтоннинг ўзи ҳайрат бармоғини тишлаб қолди. ТЕСТ дегани бир ҳовуч ҳаромхўрларнинг тегирмонига обдон сув қуйди, холос.

Ҳеч кимга сир эмас, ҳамма кўриб, билиб, айтиб юрибди: ТЕСТга ҳақиқий абитуриент қолиб, унинг ўрнига институтни битирганлар ҳам кираяпти, абитуриентга домлаларнинг ўзи ТЕСТни ечиб ҳам бераяпти, уддабурон абитуриент бир бўғча китоб билан ҳам кираяпти, кўпчилиги энг замонавий телефонларни олиб кириб, керак бўлса, “видеокўприк” ҳам қилиб, ТЕСТ ечаяпти, уларга арзимаган “кўк қоғоз” олган назоратчи ҳам ёрдамчи бўлаяпти, отини айтишга одам ҳайиқадиган идораларнинг ходимлари ҳам ёрдамчи бўлаяпти. Керак бўлса, ўшалар ТЕСТ қоғозини ташқаридаги билимдонга чиқариб бериб, ишлаб бўлингач, киритиб ҳам бераяпти. Кириш имтиҳонларига масъул бўлган мансабдорлар “Икс вариат нима ўзи? У бўлмаган ва бўлмайди”, деб тургани билан, Олий таълим вазири “Икс-вариант, деган нарсани ҳозир эшитиб турибман” дегани билан “Икс вариант” ҳам яхшигина ишлаяпти. “Бункер” деган атама ҳам, “Ректор гуруҳи” деган атама ҳам осмондан тушгани йўқ.

Кўпчилик олийгоҳларда “Ижодий имтиҳон” деган нарса жорий қилинган. Бу ўша олийгоҳларнинг домлалари учун “Қўшимча даромад манбаи”дан бошқа нарса эмас. Бир қўшним шу йил – имтиҳонлар жараёни шаффоф ўтиши, ҳаммаси бошқача, адолатли бўлиши жар солинаётган йилда “Ашулани яхши айтдингиз”, дейишлари учун 2000 доллар берибди. ТЕСТ учун алоҳида “атагани” бор ҳали.

Йиллар давомида ана шу қинғирликлар туфайли билимдон ёшлар қолиб, нуқул бойларнинг, амалдорларнинг болалари нуфузли олийгоҳларга кириб ўқиди, мансаб ва лавозимларни эгаллаб келди.

Нималар бўлаяпти?

Ўзбекистон Республикаси олий таълим вазири “Кун.uz”га интервью бериб, кўп улуғ сўзларни айтди. “Бу йилги имтиҳон шаффоф ўтишини таъминлаш борасида барча чора-тадбирларни  кўрдик”, деди. Бу йилги қабул квоталари қарийб 10 мингга ошганини ҳам айтди. Тўғри, вазир “Икс-вариант, деган нарсани ҳозир эшитиб турибман”, ҳам деди. Аммо шу сўзларининг давомида “Маълум бир одамлар бундай фойдаланиб қолмоқчи бўлади. Буни ҳар йили кўрганмиз. Афсуски, кўп одамлар алданиб қолмоқда”, дея бу нарса бўлмаса ҳам, шу билан одамларни алдаётганлар (балки алдамаётганлар) борлигини эътироф этди.

“Қанақасига ҳамма вариант ечилган ҳолда кўчада юриши мумкин. Бунақаси йўқ”, деди вазир. Қандай қилиб кўчада юришини мен биламан. Ҳамма билади, мен уч йил таксичилик қилганман. Эртага ҳам қиламан. Ҳар йили 1-августга ўтар кечаси ярим оқшом “ишга” чиқаман ва бир ойда топадиганимни эрталабгача ишлаб оламан. Кечаси билан на домла тинади, на абитуриент тинади. Нуқул “Икс-вариант” ташийман!

Сал олдин Халқаро пресс-клуб учрашувида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Иномжон Мажидов ҳам “Ўзбекистонда “бункер”лар бўлмаслигини маълум қилган эди. “1 август, кириш имтиҳонлари куни “Бункер” деб аталмиш жараённи бартараф қилиш учун барча чоралар кўрилади”, дейиши билан, ҳар ҳолда, “Бункер”лар бўлгани, борлиги эътироф этилди. “Бундан ташқари жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини ўтказишда шаффофликни кучайтириш учун мунтазам равишда чоралар кўрилади”, деб таъкидлади Иномжон Мажидов.

Нималар бўлади?

Домла қўшним суҳбатда бир нимани айтиб қолди:

− Мен ишлайдиган олийгоҳда эрталаб соат олтида ТЕСТлар ечиб бўлинган ва қайта елимлаб қўйилган бўлади.

Унга эътироз билдирдим:

− Бу йил оммавий ахборот воситалари орқали айтилаётган, телевизорга чиқиб, Халқаро пресс-клубга чиқиб айтилаётган гаплар ёлғонми? Билими бор ёшлар яна ўқишга киролмайдими?

− Жудаям соддасиз-да, телевизорда айтилган гапларга ҳалиям ишониб юрасиз, имтиҳон куни олийгоҳга боринг, ўз кўзингиз билан кўрасиз, − деди қўшним.

Абитуриент ёшлар! Мен телевизорга ишонаман, вазирларга, вазир ўринбосарларига ишонаман, ОАВга ишонаман! Сиз ҳам ишонинг!

Аммо халқимиз қадимдан амал қилиб келган бир нақлни унутманг: “Ўзинг учун ўл, етим!” Имтиҳон чоғида ҳушёр бўлинг! Бу йил телефон олиб кирган, “шпаргалка” олиб кирган абитуриентлар шу заҳоти аудиториядан чиқариб юборилиши, ташқарига чиқиб келган абитуриент ҳам имтиҳондан четлаштирилиши айтилди. Ана шунга ишонинг!

Билиб қўйинг, бойнинг боласи, тўранинг боласи четлаштирлмаслиги мумкин, аммо сиз бир зумда четлаштириласиз!

Вазирлар бир эмас, ўн марта “Пресс-клуб”га чиқиб, ваъда бергани билан “шпаргалка”лар ҳам ишлайди, телефонлар ҳам ишлайди, “бункер”лар ҳам ишлайди, “Ректор гуруҳи” ҳам ишлайди, бало ҳам, баттар ҳам ишлайди. Эртага кўрасиз, отангиз тенги кишилар 18 ёшли абитуриент бўлиб ёнингизда ўтиради ҳам.

Чунки домланинг ҳам боласи-чақаси бор, ректорнинг ҳам, тенгдошингиз ўрнига кирган “соқоли оқарган абитуриент”нинг ҳам, “Бункер”да ўтирган муаллимнинг ҳам, назоратчи муаллима опанинг ҳам, ҳуқуқ-тартибот ходимининг ҳам бола-чақаси бор. Улар ҳам 1-августни сиздан кам интиқ бўлиб кутаётгани йўқ. Улар ҳам сиздан кам таёрланаётгани йўқ, бу кунга. Уларнинг ҳам бор умиди шу 1-августдан. Фақат ойлик маош билан уларнинг куни ўтмайди! Улар ҳам “Ё шу бугун, ё ҳеч қачон!” деб ўтирибди.

 

Нима қилмоқ керак?

Битта йўл қолган: ўзингиз учун ўзингиз курашишинг! Ўзингизни ўзингиз ҳимоя қилинг! Ўз ҳуқуқингизни ўзингиз ҳимоя қилинг! Орингизни, номусингизни, шарафингизни ўзингиз ҳимоя қилинг!

Ҳар йилгидек, “Менга нима?” деманг! “Эплабди, қандини урсин!” деманг!

Бир ғирром, бир номард айнан сизнинг қандингизни уриб, сизнинг устингиздан кулиб кетаётганини унутманг!

Бонг уринг! Дод солинг! Овозингиз борича бақиринг!

− Манови “шпаргалка” ишлатаяпти! – денг!

− Манови телефон ишлатаяпти! – денг!

− Мановининг ТЕСТини домла ишлаб бераяпти! – денг!

− Манови одам абитуриент эмас, у отамдан катта одам! – денг!

− Мановининг ТЕСТи аллақачон ечиб қўйилган экан! – денг!

− Бақирма! – дейди домлалар.

− “Козёл”лик қилма!” – дейди назоратчилар.

Аммо Сиз бақиринг! Майли, сиз “Козёл” бўлинг! “Козёл”лик қилиб, бир тулки Сизнинг ўрнингизга, унутманг, айнан Сизнинг ўрнингизга ўқишга кириб кетишига йўл қўйманг!

Деразадан бошингизни чиқариб бақиринг, деразанинг остида эса мен бўламан!

Тўра Мурод

6 комментариев

  1. Уведомление: hordiq.uz
  2. hozir balki sizni tushunishmas, lekin rivojlangan mamlakatlarni shu darajaga olib chiqishda aynan sizdaka insonlarning o’rni beqiyos, ijodizga omad!!!

  3. Илтимос фақат домлалар қилади бу ишни деманг. Мен ҳам олийгоҳда ишлайман. 1 август кунини жуда ёмон кўраман. Ҳамма ҳаром пул топувчиларнинг туғилган куни бу кунда. Ўйлаб хулоса қилинг. Ҳа домлалар деманг. Чунки мақолангизнинг охирида фақат домлалар сўзи кўп ишлатилган. Мен ҳароми ҳам эмасман, ҳаромхўр ҳам эмасман. Аксинча шу шу ишларга сиздан ҳам кўра кўпроқ қарши бўлган шахсман. Чунки шунақа йўллар билан ўқишга кирган тўнкалар 4 йил бизни қийнайди. На ўқийди, на калласи ишлайди. Танкаларининг босим ўтказиши, пора таклиф қилишлар, яна «3» баҳо эмас баландроқ баҳога даъвогарлик қилишлар ва ҳоказолар. Унисини мендан яхшироқ билмайсиз. Ҳар ҳолда кўп кузатганмиз, эшитганмиз олийгоҳ ўқитувчилари эмас, асосан ташқаридан умуман таълимга алоқаси бўлмаган шахслар кўпроқ»движение» қилади. Уларнинг ичида қаернингдир қоровули, отарчилар, мактаб ўқитувчилари, қассоблар ёки ишлаб чиқаришда фаолият қилувчилар топилади. Кишини шахсиятига тегадиган гап келса ўйламай гапирадиганлар тоифасидан бўлманг. Сиз кўчада кўп бўлар экансиз. Демак одамларни ҳар хилини кўрасиз, лекин хулосаларингиз ундай одамники эмас. Ҳа мен ҳаромдан ҳазар қиламан. Чунки ХУДОдан қўрқаман. Ҳисоб-китоб кунида аҳводим танг бўлиб қолишидан қўрқаман. Тамом!

    1. Тугри, барча домлалар эмас. Лекин бунакалар хам ораларингда куп. Агар сиз халол булсангиз, юкоридагиларни узингизга олманг.

  4. Илтимос фақат домлалар қилади бу ишни деманг. Мен ҳам олийгоҳда ишлайман. 1 август кунини жуда ёмон кўраман. Ҳамма ҳаром пул топувчиларнинг туғилган куни бу кунда. Ўйлаб хулоса қилинг. Ҳа домлалар деманг. Чунки мақолангизнинг охирида фақат домлалар сўзи кўп ишлатилган. Мен ҳароми ҳам эмасман, ҳаромхўр ҳам эмасман. Аксинча шу шу ишларга сиздан ҳам кўра кўпроқ қарши бўлган шахсман. Чунки шунақа йўллар билан ўқишга кирган тўнкалар 4 йил бизни қийнайди. На ўқийди, на калласи ишлайди. Танкаларининг босим ўтказиши, пора таклиф қилишлар, яна «3» баҳо эмас баландроқ баҳога даъвогарлик қилишлар ва ҳоказолар. Унисини мендан яхшироқ билмайсиз. Ҳар ҳолда кўп кузатганмиз, эшитганмиз олийгоҳ ўқитувчилари эмас, асосан ташқаридан умуман таълимга алоқаси бўлмаган шахслар кўпроқ»движение» қилади. Уларнинг ичида қаернингдир қоровули, отарчилар, мактаб ўқитувчилари, қассоблар ёки ишлаб чиқаришда фаолият қилувчилар топилади. Кишини шахсиятига тегадиган гап келса ўйламай гапирадиганлар тоифасидан бўлманг. Сиз кўчада кўп бўлар экансиз. Демак одамларни ҳар хилини кўрасиз, лекин хулосаларингиз ундай одамники эмас. Ҳа мен ҳаромдан ҳазар қиламан. Чунки ХУДОдан қўрқаман. Ҳисоб-китоб кунида аҳволим танг бўлиб қолишидан қўрқаман. Тамом!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *