“Ҳамиша… пул хизматидамиз!” (ҳажвия)

“Ашулачи” журналида иш бошлаганимга бир ҳафта тўлмай, бош муҳаррир чақиртирди. Хушламайроқ қарши олганидан  кайфияти чатоқлиги кўриниб турарди.

– Сиз мухбирликка ўқиганмисиз, ё чилангарликками?

Ҳалигина минг истиҳола билан биринчи мақоламни ёзиб топширгандим. Раҳбаримнинг бунақа ғазабнок саволидан билдимки, қандайдир қовун туширганим аниқ. Ғазабни сукут енгар қабилида индамадим. Бошлиғимиз эса баттар ўдағайлади.

– Сизда касб этикаси деган нарса борми, ўзи? Ёзган мақола­нгизни қаранг, бўялмаган жойи қолмади! – у шундай деб шап этказиб олдимга икки қоғоз қораламани ташлади. – Боринг, таҳрирларимни киритиб, бошқатдан кўчиртиринг.

Елкамни қисиб чиқиб кетдим. Раҳбаримизнинг “чумоли карвони”дек майда ёзувларини қўшиб, мақолани қайта ўқиб чиққунимча кўзим тешилай деди. Мен-ку, майли, буни ҳали қайтадан кўчирадиган Лобархонга қийин. “Ёзмай қўлгинанг синсин, ашула айтмай ергина ютсин”, демасмикин?

Кўринишдан биб-бинойидек бўлган мақолам муҳарриримизга нега ўтиришмаганига ҳайронман. Лоақал бирор жумлам қолмабди-я. Масалан, муқаддимада бундай ёзган эдим:

“Ёшлар орасида ўзини қўл етмас юлдуз санайдиган Тўйчи Бойқул ҳақида лавҳа ёзмоқчи бўлиб, мақсадимизни айтганимизда, продюссерим билан гаплашинг, деб, телефонни шарт ўчирди…”

Рост, шундай бўлувди-да. Энди “катта”миз шу жумлани мана бундай тўғирлабди:

“Камтарин санъаткор Тўйчи Бойқул ҳақида лавҳа ёзмоқчи бўлиб, мақсадимизни айтганимизда, у бажонидил рози бўлиб, бизни шинамгина студиясига таклиф қилди…”

Буям майли, мана бу жумламга нима дейсиз?

“… Сигарет ва аёллар атри бурқсиб турган офисга кириб борганимизда, хонандамиз бир оёғини нақ мониторнинг пешонасига ниқтаб, компьютерда ўйин ўйнаб ётган экан. Экранга қараб ичимиздан ўтган гап шу бўлди: “Буларнинг ҳаммаси пойга жинниси!”

Буям тўппа-тўғри эди. Кўрганимни ёзганман. Таҳрирни қаранг, таҳрирни:

“Замонавий ва миллий чолғулар билан бе­залган шинам ва озода студияга кириб борганимизда, санъаткоримиз китоб мутолааси билан банд экан. Китобнинг нақшинкор муқовасига кўзимиз тушиб, Қодирий бобомизнинг машҳур лутфи ёдимизга келди: “Фузулий – яхши китоб…”

Очиғи, хонанда билан суҳбатимиз унча қовушмади. Тўғрироғи, қўлидаги уяли телефоннинг жингир-жингири гапимизни бўлаверди. Одамлар гоҳ ҳофизнинг ўзига, гоҳ ёнидаги маъмурига тинмай қўнғироқ қилиб, тўйга таклиф этишар, мол бозорининг даллолларидек “сари-гири” қилиб савдолашишарди. Қизиқ детал, тўғрими? Шуни ҳам ёзгандим:

“… хонанда битта тўйга бирровга бориш учун мухлислардан деб, тап тортмай минг доллар сўрар, “Саккиз юз берай” деган бечораларнинг гапини эшитгиси ҳам келмасди. “Битта тўйга шунча пул олса, бунинг туваги тилладан бўлиб кетгандир, деб ўйладим. Тўй қилаётган шўрли­­­к­ларга ҳам ачиниб кетдим. Бир томондан жаҳлим ҳам чиқди. Содда бўлмай кетгурлар, қишин-ёзин кетмон чопиб, емай-ичмай йиққанини бир кунлик тўйда отарчига қўшқўллаб топширади-я…”

Устаси уста экан-да. Муҳарриримизнинг қаламидан кейин жумла жонивор “сайраворибди”:

“Суҳбатимиз давомида хонандага мухлислар устма-уст қўнғироқ қилиб, тўй-тантаналарга таклиф қилишар, бундай самимий эътибордан санъаткоримизнинг боши осмонга етар, вақти бўлса-бўлмаса, ҳеч кимга рад жавобини бермас, ҳамманинг кўнг­лини олишга интиларди. У ўзини шундай олқишлаб, эъзозлаб келаётган одамларнинг яхши кунига шерик бўлишни катта бахт, айни пайтда, санъаткорлик бурчи деб биларди…”

Давом этамиз. Ия, бунисига нима дейсиз?! Қўлигул “уста”миз бармоқларига бамисоли эскишаҳарлик Мирваққос сартарошнинг устарасини тутиб, суҳбатдошимизга берган мана бу саволимизни ҳам, унга олган жавобимизни ҳам аввалига обдон “қиртишлаб”ди. Эпақага келтиролмаган шекилли, кейин бутунлай “кесиб” ташлай қолибди.

Минг бўялган бўлмасин, олиб ташланган ўша жумлаларни ўқийман:

“Савол: Бир қўшиғингизда “Камон нишонга тегмасдан, ўзим уйланиб кетмасдан, ёрим бўлиб қол”, деб куйлагансиз. Сал ғалатироқ-ку. Нишонга ўқ тегиши, пайкон тегиши, борингки, найза тегиши мумкиндир, лекин ҳеч замонда камон ҳам нишонга тегадими?

Жавоб: Ия, хатоми ҳали бу? (қувониб кетади ва ёнидаги маъмурига қарайди). Шеър  Дардиёрникимиди? Ҳа ўшаники! Икки юз “бакс”­­­га олгандик. Мана, хатоси боракан. Тез телефон қилиб, “кўк”ни қайтиб ол, пулини ҳалоллаб топсин-дэ, тўғрими?..”

Ҳартугул, “Жонли ижрога муносабатингиз?..” деган саволимиз ва унга берилган жавоб жо­­йида қолибди. Қолишга қолибди-ю, қирқ кунда икки кило тош босадиган Амриқо товуғидек пати тўзиб, қашқатаёғи чиқибди.

Ашулачининг жавоби аслиятда мана бундай эди:

“Мухлислар “жонли ижро, жонли ижро”, де­­йишади-ю, аммо санъат билан фонограмманинг фарқига боришмайди. Тузукроқ пул тўлайдиган айрим акахонларнинг тўйида жонимизни жабборга бериб, “жонли ижро” ҳам қилиб кўрдик. Биласизми, қурғур “қистир-қистир”да фарқ сезмадик. Жонли айтсанг ҳам, ўша пулни қистиришади, фонограммани урсанг ҳам! Яна ғашингни келтириб, тўйда овқат чайнаб ўтиришгани ортиқча. Шундай экан, зарил кептими, маст-аласт даврада кекирдагимни чўзиб, “живой” айтиш…”

Хоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг, хонанда худди шундай деганди-да. Аммо кейинги сатрларни ўқиб, ҳафсалам пир бўлди. Ана таҳриру мана таҳрир! Жумла деганингиз “пардоз-андоз”дан кейин “тоштурма”лик аммамнинг келинидек безаниб олганини қаранг:

“Халқимиз ҳақиқий санъатни тушунади, қадрлайди. Жонли ижронинг завқини, таъсирини ҳам теран англайди. Шуни инобатга олиб, концертларда,  халқимизнинг тўй-ҳашамларида жонли ижрода қўшиқ куйлашга интилаяпмиз. Аммо, баъзан ёшлик қилибми, ижрода жузъий хатолик­ларга йўл қўйсак, нозиктаъб мухлисларимиз дарров пайқашади. Чунки устозимиз – шу халқ! Биз, санъаткорлар ҳамиша мана шу эл хизматидамиз!”

Дарвоқе, муҳарриримиз сарлавҳани ҳам йўрғалатворадиганлардан. Бизнинг сарлавҳа “Ўзим тўқийман, ўзим ўқийман” эди. Юқоридаги таҳрирдан кейин сарлавҳа деганлари ҳам ўз “оёғи” билан келибди: “Ҳамиша эл хизматидамиз”. Аммо менинг ҳам қўлим қичиди. Гўёки билмаган киши бўлиб, “эл”ни “пул” қилиб ўзгартирвордим…

Шу жойга келганда котибамиз Сухсурхон қўнғироқ қилиб, бошлиқ билан улади. “Лаббай” деганим ҳамоно у ёқдан “устоз”нинг силлиққина овози эшитилди:

– Айтмоқчи, мақола чиққач, Тўйчижонга биздан салом, дейсиз-да, ука. Келаси ойнинг ўн саккизида кенжамиз Абдулазизнинг тўйи-я…

 

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ

Биринчи изоҳ

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *