“Ҳалинчак-о, ҳалинчак, қулоғингда телефонми, келинчак?..”

Ҳамма ишдан келган, уй юмушлари тугаб, кечки овқат ҳам еб бўлинган. Бошингизни кўтариб, бир қаранг-чи, ким нима билан банд экан? Оила бошлиғи – фарзандларига ибрат бўладиган ота нима қилаяпти? Бош тарбиячи она-чи? Ўғил-қизларимиз-чи?…

Барчамиз машҳур, бой-бадавлат ва ҳаётда яхши ном қолдирган инсонлар ҳаётига ҳавас қиламиз. Камига уларга ўхшашни ҳам истаймиз. Аммо ҳаракатларимиз орзуларимиз чорлайдиган йўлдами?

Эл ардоғидаги аждодларимизнинг таржимаи ҳолларини ўқисак, деярли барчасида «Уйимизда Навоийхонлик, Бобурхонлик, Бедилхонлик, Машрабхонликлар бўларди.. Отам кўзларида ёш билан «Алпомиш»ни, «Кунтуғмиш»ни ўқирди, «Гўрўғли»дан айтиб берарди…» деган сўзларга дуч келамиз. «… Бувим чироқ ёруғида эртак ўқиб берарди. Биз сандал атрофида тизилишиб ўтириб, эртак тинглардик… Бувим, ойим ўқиб берган эртаклар мени улғайтирди»   каби гапларни ҳам кўп эшитганмиз. «Дадам доим китоб олиб келарди… Туғилган кунларимизда китоб совға қиларди… «Ўткан кунлар»ни ўқиб бериб, китобга меҳр уйғотган ота-онамга раҳмат дейман!» каби дил изҳорларини радио ва ойнаи жаҳон орқали кўп тинглаганмиз.

Аммо бу гаплардан доим ҳам ўзимизга тегишли хулоса чиқарганмизми? Эҳтимол, шунинг учундир айримлар ҳануз: “Навоий ғазалларини чуқур идрок этолмайман, “Бобурнома”ни тўкис тушунолмайман”, дейди. Аслида уларнинг ўқишга вақти ҳам, қунти ҳам йўқ. Чунки, хаёлида нуқул телефон, нуқул интернет… «Телеграм»да каналлар кўп. Бирида янгиликлар, бирида янги шеърлар, бирида ҳикоялар, бирида ҳадислар ва пайғамбарлар ҳаёти, бирида бетакрор тавсиялар…. Хуллас, телеграмхонлик! Ҳозир техника, интернет асри. Виртуал оламга кирамизу, ҳаммасидан хабардор бўламиз. Аммо бугун ўқиган нарсамизни эртага эслолмаймиз. Чунки мушоҳада қилмаймиз. Сабаби, бу хабарлар, маълумотлар дақиқа сайин янгиланиб, ўзгариб, турланиб, тусланиб туради. Уларни ўқийвериб эмас, кўравериб ўзимиз ҳам шунга мослашиб қолганмиз.

Бу кетишда вақти келиб, фарзандларимиз ўз ёшлиги ҳақида сўзлаганда: «Ҳаммамизнинг қўлимизда телефон бўларди. Қишнинг узун кечаларида ҳам, ёзнинг қисқа тунларида ҳам бизнинг уйда телеграмхонлик бўларди. Телефон ҳаётимизнинг мазмуни эди. Ҳатто ресторанда ёки тўй-маъракада ўтирсак ҳам ўзимизни ўзимиз суратга олиб, шу ернинг ўзида интернетга, телеграмга жойлаштириб, томоша қилишни яхши кўрардик. Интернетга боғланиб, сеҳрланиб қолардик…” дейдими?

* * *

“Бой амр қилмаса, бойбича хамир қоримас”, деган мақол худди бизнинг бугунги аҳволимизга қараб айтилгандек. Нега дейсизми?

Бугун оталарда орзу ҳавас кўп, масъулият катта, талаб жуда юқори. Икки фарзанди бор ота ҳам, беш фарзанди бор ота ҳам бирдек югуради. Иши бошидан ошган. Саҳар чиқиб кетиб, ярим кеча кириб келади. Чунки эҳтиёжларимиз катта. Шунга яраша маблағ топиш керак.

Ҳаётнинг бундай ташвишларидан чарчаган аксарият оталар кечқурун кўнглига қил сиғмай, чертса йиқиладиган бўлиб уйга келади ва овқатини еб ухлаб қолади. Ухламаса, дам олиш учун телевизор кўради ёки у ҳам телефон ковлайди, интернетга киради. Чунки кундузи вақти бўлмаган. Отанинг аҳволи шуми, болалар ҳам секин-секин дастурхон бошидан туришади-да, бири телевизорга ёпишади, бири телефонга.

Уй бекаси онанинг эса кечқурун қиладиган иши деярли йўқ. Чунки кир ювиш машинаси кирларни ювади, уйлар чангютгичда тозаланади, гиламлар қоқилмайди. Нон сотиб олинади, супермаркетлар ярим тайёр маҳсулотларга тўла. Овқат бир зумда тайёр бўлади. Эр, болалар ўзлари билан ўзлари. Аёл нима қилади? У ҳам телефонга ёпишади-да.

Энг ёмони – бугунги болалар ҳа деганда ота-онасидан эртак ҳам сўрашмайди. Чунки «Болажон» канали бор! Эртак ҳам, мультфильм ҳам тўлиб-тошиб ётибди. Ота-оналар фақат ишлаши, пул топиши керак. Ота (ёки она) буларни қилиш ўрнига китоб ўқиб ўтирса, таъна эшитиши ҳеч гапмас.

– Эй, қўйинг шу китобни. Энди китоб ўқиган билан қорин тўймайди! Вақтида ўқиш керак эди!

Хўш, вақти қачон эди? Қўлини белига тираб «Вақтида ўқиш керак эди!» дея жавраётган она ёки отанинг ўзи ўша вақтда нима билан банд эди? Ҳозир нима қиляпти? Болалари-чи? Фарзандларининг ўқийдиган, билим оладиган вақти эмасми? Улар нима қилишяпти? Уларнинг қўлидаги нима? Телефонми? Улар тикилаётган нарса нима? Китобми ёки газета-журналми? Қаёқда, планшет экан, дейсизми? Баракалла. Яхшилаб қаранг-чи, бешикда ётган боланинг бошидаги овоз ҳам телефондан чиқмаяптими? Анув эмаклаб юрган бола оғзига солаётган нарса нима? У ҳам телефон эмасми? Овқат пишираётган ёки ҳовли супураётган келинчакнинг қулоғидаги нарса нима? Телефон қулоқчини эмасмикан?

Ў-ҳў, аҳвол чатоқ-ку. Энди нима қиламиз? Ҳаммасини йиғиштириб отамизми? Йўқ, бундай ҳам қила олмаймиз. Энди телефонсиз кунимиз ўтмайди. Аммо интернетдаги турли керакли-кераксиз хабарлар, кўча-кўйдан, шифохоналардан, мактаблардан ёки ресторанлардан тасвирга олинган видеолар, турли клиплар, «прикол»ларни томоша қилиш, шулар ҳақида баҳслашишга ўрганиб қолганмиз. Улар орасида экстремистик оқим вакиллари ва тарғиботчилари йўқлигига ким кафолат беради?   Юртбошимизнинг ўзи китобхонликка даъват этиб турган бир пайтда бундай телеграмхонликни йиғиштириб, ҳиссизлашиб бораётган қалбимиз, ўтмаслашиб бораётган хотирамиз ва ҳадсиз ахборотлар оқимидан чарчаган ақлимизга сокинлик, ҳаловат бахш этсак бўлмайдими? Ўткинчи нарсаларни муҳокама қилмасдан бир-биримизга ота-боболаримиз, юзидан нур ёғилиб тургувчи момоларимиз айтиб берган ҳикматлардан сўзласак, кўнглимиз чанг-ғуборлардан тозаланармиди? Болаларимизга, аввало, ўзимиз эртак ўқиб беришни ўрганайлик. Ёнгинамиздаги спорт мактабида ўтаётган мусобақага болаларимизни ҳеч бўлмаса томошага олиб борайлик, мактабда ўтаётган олимпидага ўзимиз ҳам бориб, ғолиб ўқувчиларнинг ҳаяжонини, уларнинг ота-оналари қувончини бирга кузатайлик. Зора, бизда ҳам, болаларимизда ҳам интилиш кучайса, мақсадимиз қатъийлашса…

Ишонаманки, ана шунда вақти келиб, «Вақтида ўқиш керак эди, ўрганиш керак эди!» деган гап ўрнига «Вақтида ўқиганимиз учун, ўрганганимиз учун» деган фахрли сўзларни айтамиз! Ўзимиздан ва болаларимиздан қувонамиз, фахрланамиз. Бу қувонч барчамизга насиб этсин!

Холиёр САФАРОВ, ёзувчи

http://uzas.uz дан олинди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *