“Эй ўғилларим!” Бу васиятни эшитганмисиз?

Амир Темур улуғ зот. У зотга улуғ ҳайкаллар қўйганмиз. Орденимиз бор. Ҳар куни у зотни улуғлаймиз. Аммо васиятига амал қилмаймиз.

“1. Илгари вақтларда ҳукуматларга қарашли қора сурон (ясовулбоши, бугунги кундаги мелисаларнинг каттаси) ва гизма (туман бошлиғи, бугунги кундаги ҳоким)лар халқнинг устига юк бўлуб яшар эди. Ҳатто емакларини халқдан олур эди. Мен бундай ишларнинг йўлини қатъиян тўсиб, етарли маош бердим. Мабодо бирортаси эски феълини қилгудек бўлса, унинг рутбасига эътибор бермасдан ўлим жазосини бердим. Аскар ва зобитларим дўконлардан олган ашёларининг пулини бермаса ёки белгиланган нархдан кам берган, сотувчини норози қилган бўлса, шикоят келиши ҳамон ўлимга буюрдим. Шу йўсинда тартиб ўрнатиш билан юртлар обод, халқ тинч ва ором билан ҳаёт кечирди.

Эй ўғилларим! Мен сизларга васият қиламанки, мендан кейин қайси бирларингиз салтанатга эришсангиз, қароқчиларга, доруғаларга, гизмаларга ҳушёр бўлинглар. Булар ҳукумат маъмури бўлсалар ҳам, ўғри-қароқчилар билан тил бириктиришлари кўп кўрилган тоифалардандирлар. Агар буларга ўлим жазоси берилмаса, бутун давлатни барбод қилишлари мумкиндир.

  1. Гадоликни касб қилиб олганлар бордир. Буларга ҳам раҳм қилманглар. Уларнинг ўрнига пайғамбар авлодларини, уламоларни, шуароларни ва ҳунар арбобларини эҳтиром қилинглар ва ҳимоя қилинглар.
  2. Шароб ичмоқдан парҳез қилинглар. Чунки шароб уммул-хабоисдур (ёмонликларнинг онасидир). Агар шаробхўрликка ўрганиб қолсангизлар, вилоятларимиз қўлдан кетадур.

Бошқасини қўяверинг, мана шу учта васиятга амал қилинганда Ўзбекистоннинг 25 йилда ҳам келмаган келажаги эмас, бугунининг ўзи буюк бўлиб кетарди.

Амир Темур бобомиз айтганидек, ўғри-қароқчилар билан тилбириктириши кўп кўрилган тоифадан бўлган мелисалар ва порасиз иш битирмайдиган ҳокимлар тўхтовсиз ўлим жазосига тортилганда эди, юртда на ўғирлик бўларди, на порахўрлик.

Амир Темур бобомиз қайси туманда ўғирлик содир бўлса, ўғрига қўшиб ҳокимининг қўлини кесдирганлар, ўғри топилмаса ҳокимнинг ўзининг қўлини кесдирган. Сабаби, Амир Темур бобомиз ўғрилар ҳокимлар ва мелисалар билан тил бириктирмаса, ўғирликка ҳадди сиғмас эди, деб ҳисоблаганлар.

Тонналаб гиёҳванд моддани олиб ўтаётганлар ҳақида кўрсатиб ё гапириб қолишади. Ақли бор одам билади, тонна деган нарса иштоннинг ичига сиғмайди ва уни бекитиб олиб ўтишнинг иложи йўқ. Демак бу “юк”ни кутиб олиб, кузатиб қўядиган, уларнинг тилида айтсак, “сопровождение” қиладиганлар бор. “Сопровождение” эса погонида катта-катта юлдузи бор одамлар томонида амалга оширилмаса, тонналаб “юк” манзилига ҳеч қачон етиб бормайди.

Гадойлар масаласида ҳам Амир Темур бобомиз аниқ ва кескин кўрсатма берганлар. Кекса, ишга яроқсиз бўлса, нафақа тайинланг, ишлай оладиганига иш беринг, ишлашни истамаса, ўлдиринг!

Бу васиятга амал қилинса, ҳар бир зиёратгоҳнинг атрофини тўлдирган, борганингдан энг аввал кутиб оладиган, кир қўли билан елкангни сийпалаб тиланадиган гадойлар, бугунги кунга келиб ҳатто қиммат ресторанларга ҳам бемалол кириб келиб, оилавий тамадди қилиб ўтирган кишилар, севган қзи билан дилбар суҳбат қуриб шарбат ичиб ўтирган ошиқларга ҳам кўзини дўқ қилиб, қўлини чўзиб, таомингга қўл теккизишдан ҳам тап тортмайдиган, бир нима олмагнуча кетмайдиган хира гадойлар бўлмас эди.

Тошкентга боришга одамнинг юраги безиллайди, ҳар битта арчанинг орқасидан битта гадой чиқади. Тўхтатиб, бир нима тиланади.

Буларни фақатгина ўлдириш билан йўқотиш мумкинлигини мен айтмаяпман, ҳар куни биз улуғлайдиган, ўша кишининг авлодларимиз, ворисларимиз дейдиган Амир Темур бобомиз айтганлар.

Уларнинг ўрнига олимларни, шоирларни, ҳунар эгаларини улуғлашни, шоирларни ёзган китоби учун турмаларга тиқмасликни ҳам васият қилганлар Амир Темур бобомиз.

Ароқхўрлик − ичганни ҳам, унга даъват қилганни ҳам, уни олиб келиб берганни ҳам, сотганни ҳам, ишлаб чиқарганни ҳам дўзахнинг тубига тортадиган иш. Уни ҳалол деган одам кофир бўлади. Ишлаб чиқарган одам шайтонга малайлик қилган бўлади, гуноҳнинг онасини ишлаб чиқиб, ер юзида гуноҳ кўпайишига ҳисса қўшган бўлади. Аммо ароқни давлатнинг ўзи ишлаб чиқса, катталарнинг ўзи ичса, ўзлари манфаатдор бўлиб тургани учун ароқхўрликка қарши курашмаса, ароқ ишлаб чиқаришни бас қилмаса, ароқ миллатнинг фожеасига айланади ва айланиб бўлди.

Амир Темур бобомиз ароқдан парҳез қилмасаларингиз вилоятлар қўлдан кетади, деб огоҳлантирганлар. Вилоятлар эмас, Ўзбекистонда миллат қўлдан кетаяпти, ўзбекнинг шаъни, ори, номуси қўлдан кетаяпти. Амир Темур авлодлари Россияга бориб, мужиклар деб аталган алкашларнинг қўлида қул бўлаяпти.

Амир Темурни улуғлашимиз рост бўлса, буюк Соҳибқирон деб эъзозлашимиз рост бўлса, унинг авлодларимиз, ворисларимиз деб кўкракка уришимиз рост бўлса, Амир Темурнинг ворисларига, авлодларига қилган васиятига ҳам амал қилишимиз шарт! Акс ҳолда мамлакат келажаги буюк бир хавф остида!

Тўра Мурод

3 комментария

  1. Қани энди бу ёзилганларни «эгалари» ўқиса эди. Бугунги кунни қулдан кетгазганимиз рост, келажагимизчи? Болаларни мард, олийжаноб, ориятли ва тарбияли қилиб вояга етказишда рости биз ўқитувчилар жуда катта муаммоларга дуч келяпмиз. Амир Темур бобомизнинг ўгитларини ёшларимизга етказиш учун ўгитлари амалиётда қўлланилаётган бўлганида фойдали бўлар эди. Мактабда ўқувчиларни ўқитиш тобора қийинлашиб боряпти. Кўпчилик ота-оналар фарзандини мард бўлиши ўрнига қўрқоқ, олийжаноблик ўрнига такаббур, ориятлилик ўрнига уятсиз ва диний тарбиясиз бўлиб қолишларига сабабчи бўлишмоқда. Темур бобомиз жазони муқаррар амалга оширгани жамиятида адолатни таъминлаган. Диний таълим ва дунёвий таълим билан хамоҳанглиги, жазо ва рағбат динимиздаги савоб ва гунохнинг аналоги бўлганлиги буюк давлатнинг буюк бўлишига ҳизмат қилган. Ҳозирги замон ва тизим ҳақида мухокама қилиш фойдасиз, келажак биз учун мухим.

  2. Москвадаги улдирилган Фаргоналик болага ачиндим. Узбек боласини чивиндек улдирди. Миллатимизни рухини кутаришимиз керак. Болаларни бакувват, жасур ва кайсар, шу билан мехнаткаш килиб тарбяилашимиз зарур. Душман билан тикка уриша оладиган. Юрагида ути бор йигитлар булиши зарур. Унинг учун барчамиз масъулмиз. Айникса ота-оналар ва махалла. Битта укитувчи билан битмайди бу ишлар.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *