“Анахита маликаси” ёхуд хоразмнинг Гавҳаройи

Ўзбек миллий рақс санъати маликаси, Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева 1970 йили Гавҳар Матёқубова ижросида “Хива лазгиси” рақсини кўриб: “Бу раққоса қандайдир илоҳий кучга эга, ахир, одам боласи ҳам шундай рақс­га тушадими”, деб унинг пешонасидан ўпиб қўйган экан. ­Халқимиз улуғ инсонларнинг назари, эътирофида ҳикмат кўп, деб бежиз айтмайди. Ижодининг бошланғич палласида Мукаррамахоним томонидан айтилган самимий сўзлар ва тилаклар Гавҳархонимнинг кейинги ижодий парвозига дуо ўрнида ўтган бўлса ажабмас.

Зеро, шундан сўнг кечган салкам эллик йиллик ижодий фаолияти давомида Г.Матёқубова шаклланиш, ўсиш, мукаммаллик касб этиш пиллапояларини муваффақиятли босиб ўтди. Ижод билан бирга назарий билимини оширишга, миллий рақс санъати, хусусан, хоразм рақс анъаналарини чуқур ўрганишга ҳаракат қилди. Айниқса, беназир ҳофиз Комилжон Отаниёзов билан ижодий ҳамкорлик раққосанинг бадиий тафаккурини кенгайтирди. Тўплаган тажрибалари балетмейстер сифатида фаолият бошлаганида ниҳоятда асқотди. Йўқолиб бораётган “Жазава”, “Чаноқ” рақси, “Садр”, “Лачак ўйини”, “Авесто” китобидан “Анахита маликаси”, “Ушлини уфориси”, “Мухаммаси ушшоқ” асарларини саҳналаштирди.

Санъаткор ўзининг илмий-амалий изланишлари билан ҳам ўзбек рақс санъати ривожига муносиб ҳисса қўшди. Унинг қаламига мансуб “Офатижон лазги”, “Лазги — уч минг йил”, “Санъат дарғаси” (К.Отаниёзов 100 йиллигига бағишланган) китоблари фикримизнинг далилидир.

Г.Матёқубова бугунги кунда шогирдлари билан юртимизда ўтаётган катта байрам ва тадбирларда, халқаро фестивалларда муваффақиятли қатнашиб, санъатимиз сеҳрини намоён этиб келмоқда. Шунингдек, шогирдлари билан биргаликда қирқдан ортиқ мамлакатда бўлиб, ўзбек рақси жозибасини намойиш этди ва миллий санъатимиз равнақига юксак ҳисса қўшди. Айниқса, Света Худойберганова, Дилноза Ортиқова, Дилрабо Жуматова, Умида Авазметова, Садоқат Ниёзметова, Шаҳло Тўраева, Ойимхон Сабурова, Алия Липитова, Дилноза Абдиева каби ўнлаб истеъдодли шогирдлари Хоразм рақс санъатининг бетакрор жилваларини мухлисларга бор бўй-басти билан намойиш этишмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтган ижодий кеча устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти, бир сўз билан айтганда, рақс шоираси Гавҳар Матёқубова таваллудининг 70 ва фаолиятининг 50 йиллигига бағишланди. Тадбир “Хоразм рақси” ансамблининг “Қайроқ” ўйини билан бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев устоз санъаткорнинг ўзбек миллий рақси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб, унинг Хоразм вилоят Маданият бошқармаси Халқ ижодиёти бўлими бошлиғи, “Хоразм рақси” ансамбли раҳбари, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси қошидаги Миллий рақс маркази фаоли сифатидаги хизматларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, “Ўзбекконцерт” раҳбари О.Абдуқаҳҳоров, Миллий рақс ва хореография олий мактаби ректори Ш.Тўхтасимов, “Олтин мерос” жамғармаси раиси А.Каримов, Ўзбекистон халқ шоири О.Матжон ва бошқалар сўзга чиқиб, Г.Матёқубованинг санъаткор ва инсон сифатидаги фазилатлари хусусида гапиришди.

Концерт дастурида “Тумор”, “Тошкент зеболари” ансамбллари, Олий рақс мактаби ўқувчилари, Гуласал Усмонова, Гулшода Абдиева, Феруза Азатова, Шоҳрух Абдумуротов, Шерзод Кенжабоев, Дилором Мадраҳимова, Тигран Абдуллаев ҳамда “Хоразм рақси” ансамбли ижросида бири-биридан гўзал рақслар мухлисларга тақдим этилди.

Г.УМАРОВА
http://uzas.uzдан олинди

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *