«Занжирбанд фил» қиссаси ёҳуд матбуотимиз қачон уйғонади?

Маҳаллий ОАВмиз ҳамон қандайдир ички қўрқув билан мақолаларни эълон қилишаётганига кўзим тушяпти. Қандайдир бир меъёрни сақлаш, ундан узиб кетмаслик ҳислати мавжуд. Оригиналлик йўқ. Фейсбук фаолларидан бири (Дилшод Одилов) шу ҳақда бир пост қолдирибди:

Бизда расмий янгиликлар ёки суҳбатларда «янада» деган сўзни қўшиб гапириш анчадан бери одат тусига кириб қолган. Масалан, «банк тизимини янада ривожлантирилиши учун бу қарор муҳим ўрин тутади», «Туризмни янада ривожланиши учун бу ҳолат туртки бўлиши мумкин», ва ҳоказо.

«Янада» деган сўзни қўшиб қўймаса, гўёки бундан олдин ривожланмаганди, энди ривожланади дегандай бўлиб қоламан деб ўйлашса керак. «Янада ривожланиши» дея олиш учун, у соҳа шундоқ ҳам ривожланган бўлиши керак ва мазкур қарор ёки янгилик уни «янада ривожланишига» ҳисса қўшиши керак.

Бўлар бўлмас жойга ҳам «янада» деяверишдан одамда истеҳзоли жилмайиш пайдо бўлиши мумкин. Бу фикрга аэропортда яшил ва қизил йўлак йўлга қўйилгани ҳақидаги янгиликни кўраётиб келдим. «Бу янгилик юртдошларимизнинг, айниқса чет эллик меҳмонларнинг божхона расмийлаштириш жараёнидан ўтишларини ЯНАДА ҚУЛАЙЛАШТИРИШ ВА СОДДАЛАШТИРИШ учун амалга оширилди» эмиш. Олдин қулай ва соддамиди??

Бу сўзларга қўшимча қилмоқчи эдим. Бундан ташқари яна бир қатор шаблон сўзлар борки, улардан ҳеч кўнгил узиб бўлмаяпти.  Илгари, ёдингизда бўлса, давлатимиз расмий ОАВ ташкилотлари томонидан берилган маълумотлар ҳаммамизга ёд бўлиб кетган ўша «машҳур» матнлар билан тўларди: «…мамлакатимизда рўй бераётган демократик ислоҳотлар натижасида…», «…мустақиллик шарофати билан…», «…барча шароитлар мужассам…» ва хоказо, ва ҳоказо.

Бугунга келиб, шунга амин бўляпманки, айрим сайтларимиз бу каби иллатлардан ҳеч қутула олишмаяпти. Хабарлардаги сўзларнинг мазмун ва моҳияти ўша-ўша, фақат бизга таниш бўлган юқоридаги иборалар бошқа бир қатор «шаблон» сўзлар билан тўлган. Мисол учун: «…2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурига мувофиқ…», «…“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да керакли ишлар амалга оширилди…», «…ушбу масалани ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида айни дамда махсус идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди…» ва ҳкз.

Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи бор: бир фил оёғида занжир, темир қозиқ атрофида банди бўлиб, 100 йил айланибди. Занжирни олишибди. Темир қозиқни суғуриб ташлашибди. Шундаям фил ўша доирадан чиқолмай яна 100 йил айланган экан. «Ўрганган кўнгил — ўртаса қўймас» деганларидек, маҳаллий ОАВларимиз ҳамон «юқоридагиларнинг» кўнглига озор бермасликни ўйлашяпти. Бирор чўрткесар сўз ишлатмасалар-да, ҳеч ким уларга тегинмаса, маҳкамаларга чақирмаса. Энг муҳими шу. Ёзгандаям, жудааа эҳтиёткорлик билан ёзишга ўрганган айрим журналистларимизни ўша занжирбанд филларга ўхшатавераман. Менимча, айнан мана шундай «довюрак» журналистлар ўрнига янги талантлар келиши учун ҳам кўп нарсалар содир этилиши зарур. Бугунги кунларда сўз эркинлиги борасида анча яхшироқ шароитга эга бўлганлигимиз билан, барибир, одамларда ҳайиқиш бор. Ҳайиқиш йўқолиши учун журналист ва блогерлар ўз танқидий қарашларини эркин ифодалаб беришлари ва уларни ҳеч ким таъқиб қилмаслиги, биров уни «керакли жойларга» чақириб олмаслиги керак. Ана ўшандагина жуда кўплаб муаммоларимизни журналист эркин айтишга ўрганади. Коррупция ботқоғига ботган айрим инсонлар тўғрисида нафақат президент, балки журналист аҳли, яъни ХАЛҚ ҳам бемалол айта олиши мумкин бўлади. Айтмоқчиманки, қачон президент «яшил йўл» кўрсатадию, мен уларни боплаб танқид қиламан, деган тушунчалар йўқ бўлиб кетади ва бирор ташкилотни танқид қилиш учун айнан президентимизнинг «рухсатнома»ларини кутишга мажбур бўлишмайди.

Беҳзод Қобулов айтганидек: «Агар ОАВ ўз иши билан шуғулланганда, давлатимиз шунча маблағ сарфлаб халқ қабулхоналарини очмаган бўларди. Одамларнинг арзу додини эшитадиган, давлат билан халқ ўртасида кўприк вазифасини бажариши лозим бўлган биз журналистлар оғир иқтисодий шароитни ўнглашга тиришаётган давлатимизга ростмана елка тутганимизда, она Ўзбекистоннинг оғриқларини унутганча, афсонавий Сусамбил, ердаги жаннат ҳақида оғиз кўпиртирмаганимизда халқ билан мулоқот бу қадар долзарб эҳтиёжга айланмас эди. Кимдир ичида тан олар, кимдир ошкора, аммо факт шуки, бугунги ОАВ ичида интернет сайтлари халққа энг яқин ижтимоий институтдир. Айнан интернет журналистикаси одамларнинг кайфиятини бошқараяпти.»

 Шу нарсаларга ҳам эътибор қаратиш лозим, чамамда.

Темурмалик Тожидинзода

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *