«Савдология» ёхуд қулаётган бозор маданияти

Якшанба — дам олиш куни кийим-бош харид қилгани бозорга бордим. Бозор айланиб, дидимга маъқул келган уст-бошлар нархини сўрай бошлайман:

— Кечирасиз, мана бу кўйлак неча пул туради?

— Оласизми ўзи?

— Олмасам, сўрармидим…

— Саксон беш минг сўм.

— Раҳмат, — дея нарх бироз маъқул келмаганлиги боис кейинги дўкон томон ҳаракатланаман. Шу пайт ҳалиги «ҳозиржавоб» савдогар:

— Эй ока, олмас экансиз, нима қилардингиз сўраб, — деб қолди…

Бугун бозорларимиз чунонам тўкин-сочинки, йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Беихтиёр Суқротнинг бир гапи ёдимга тушади: «Уларсиз ҳам кун кечириш мумкин бўлган шунча нарсалар борлиги ҳам қандоқ яхши!». Бозорнинг пайдо бўлиши ибтидоий замонда, кишилар ўртасида илк айирбошлаш жараёнига бориб тақалади. Дастлаб, савдо жойларида маҳсулотлар фақат ёйма шаклда очиқ осмон остида сотилган. Кейинчалик 1397 йил Лондонда илк усти ёпиқ бозор — «Блекулхолл»нинг ишга тушиши ҳозирги замонавий ва гигиеник талабларга мос савдо мажмуаларининг пайдо бўлишида муҳим босқич бўлди. Эндиликда мавжуд савдо марказларида барча қулайлик мужассам.

Қадимдан ҳозирга қадар савдо «майдони»да бир қоида бор: истеъмолчи доим ҳақ. Аср­лар мобайнида савдогарлар орасида шаклланиб, кейинчалик шиорга айланиб кетган бу тушунча кишини бозор томон етаклагани етаклаган.

Шу денг, бир куни дўстим билан «Бек Барака» савдо мажмуасига уст-бош харид қилгани бориб, бозор айлана бошладик. Бозор «қонуният»ида олдин нарх-наво ўрганилиб, кейин харид қилинади. Шунга кўра, бир оёқ кийимнинг нархини сўрадим. Тахминан 30 ёшлардаги сотувчи: «Ока келинг, 190 минг сўм. Сизга янаям келиштирамиз (гўё бу бозорда фақат мен учунгина арзон берадигандек)». «Ҳа яхши», дея ортимга ўгирилишим билан қўлимдан маҳкам тутганча: «Ока, ёқмаган бўлса, бошқа хиллари ҳам бор…», дея олти-етти хил пойабзални навбати билан қўлимга тутқазиб чиқди. «Йўқ, мен эндигина бозорга тушдим, олдин нарх-навони кўрайчи», дейишим билан: «Ока, нархни нима қиласиз? Агар қаерда бизникидан арзон кўрсангиз, сизга мана шуни текинга бериб юбораман», дея бир жуфт пойабзални қўлимга тутқазди. Бу ҳам етмагандек, «Бу ердагилари ёқмаган бўлса, юринг, сизни зўрига, нариги дўконимизга олиб бораман», деганча қатордаги бир дўконга тортқилай кетди. У ерга бориб ҳам пойабзалларни кўздан кечиришга «мажбур» бўлдим. Хуллас, менга маъқули чиқмагач, «Менга ёқадигани чиқмади, бир бозор айланиб кўрайчи», дейишим билан ҳалиги «хушмуомала ока» буткул ўзгарди: «Укам, олиш ниятинг бўлмаса нима қиласан мени оввора қилиб, биз бу ерда бекорчимизми?!», дея дўқ қилишга ўтди. Икки дақиқада «окадан ука»га айланганимдан сўнг, паст оҳангда: «Олиш ниятим бўлганлиги учун ҳозир шу ердаман. Ёқмаган нарсамни сотиб олмайман-ку, ахир», дедим. «Бор, бўлмаса ёқтирадиган бўлганингда келарсан…», дея кўкрагимдан итара кетди…

Шу тахлит йўлимизда давом этиб, кейинги қатордаги, чамаси қирқ ёшлар атрофидаги сотувчи аёлдан соябон нархини сўраймиз. У 3-4 тасининг баҳосини айтиб ўтди. Бу ерда бизга ёқадигани чиқмаганлиги боис, йўлимизда давом эта бошладик. Шунда сотувчи аёл: «Ҳа укам, нима бўлди?», «Бизга ёқмади» жавобини эшитиши билан ўтирган стулидан қўзғалиб: «Нега ёқмаскан, сан мани «молим»ми ерга уриб, «бирак»ка чиқазвоссанми?..». Хуллас, бу сотувчи аёлни тинчлантиришимиз учун тилимизда бор яхши гаплардан фойдаланишга тўғри келди.

Бугунги кунда биргина пойтахтимизнинг ўзида 40 дан ортиқ бозор ва савдо мажмуаси мавжуд. Уларнинг айримларида юқоридаги ҳолатларга кўп бор дуч келишимиз мумкин. Бу ерда сизнинг харидор эканлигингизни билишса бас, ҳали униси тортқилаб ўзининг маҳсулотини мақтай кетади, ҳали буниси. Баъзан уларнинг бу каби муомаласидан кун давомида кайфиятинг бўлмай юрса, баъзан кейинги келганингда албатта ушбу дўконни айланиб ўтишингни дилингга тугасан. Менингча, «Савдология» деган фан ишланмаси ишлаб чиқилиш кераг-у бунда шу тоифага мансуб савдогарлар учун алоҳида дарслар ташкил қилиниши лозим. Энди шу етмай турганди дерсиз? Тўғри, бу бир киноя, аммо энг гавжум жой бўлган бозорлардаги бундай ҳолат кулгили ва оғриқли нуқта ҳисобланади. Энди бир ўйлаб кўринг, кўп миллатли юртмиз, бозорларимизга ташриф буюрувчилар ҳам шунга яраша. Шу боис, улар олдида ўзлигимизни сақлаш ва намоён қилиш барчамиздан талаб этилади.

Танганинг иккинчи томони бўлгани каби, кўпгина дўконларда хизмат кўрсатувчи сотувчиларнинг муомаласи эса мутлақо бунинг акси. Уларнинг гапидан ҳаловат топасан киши. Кўрсатаётган маҳсулотини шу қадар устамонлик ва хушмуомалалик билан тавсия қилишадики, баъзан қарз-қавола қилиб бўлса-да шу сотувчининг маҳсулотини олгинг келади. Аслида, сотувчи ва харидор ўртасидаги муносабат ҳам шундай бўлиши керак-да. Шундагина ҳар икки томон ҳам «бизнес тили»да айтганда, манфаатдор бўлади. Сиз нима дейсиз?

Сулаймон ҲАЙДАРОВ,

«Ishonch» мухбири

«Ishonch» газетаси  16.05. 2017

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *