«Қорбобо, акам тузалишини истайман…» Болангизни ким тарбиялаяпти?

Фарғонадаги бир мактабда «Қорбобога мактуб» деган лойиҳа ўтказилибди. Унда ўқувчилар фаол иштирок этишибди. 2-синфда ўқийдиган қизнинг мактуби ҳамманинг эътиборини тортибди. Ўша қиз қорбобога нима деб ёзганини биласизми? Мана унинг мактуби:

“Салом, Қорбобо! Аввало сизни Янги йил байрами билан чин қалбимдан табриклайман. Мен 2-синф ўқувчисиман. Мени тилакларим жуда кўп. Аввало, ота-онам, бобо ва бувим, қариндошларим бахтимга соғ-саломат бўлишсин. Кейин эса акам ногирон уни тузалиб кетишини истайман. Бизнинг синфдаги Мунисахон уй мактабида ўқийди. Синфдошимни тузалиб кетишини истайман. Қорбобожон, менга Янги йил совғаси бўлмаса ҳам шу тилакларим амалга ошсин. Бу тилакларим сиздан менга Янги йил совғаси бўлиб қолсин”.

Ёшлар Иттифоқининг вилоят кенгаши ва мактаб етакчиси бу мактубни эътиборсиз қолдиришмабди. Қорбобони бошлаб қизнинг уйига боришибди. Қизнинг ногирон акасига арвача, дугонасига китоблар топширилибди. Воқеа баёни шундан иборат.

«Хўш, нима бўпти шунга? Ёшлар Иттифоқи жуда савобли иш қилибди», дейишга шошилманг. Мурғак боланинг онгини қорбобога эътиқод қилиш билан заҳарлаб қўйишибди. 8 яшар бола қорбободан акаси ва ўртоғи тузалиб кетишини тиламоқда. Оила аъзоларининг соғлигини ҳам қорбободан ўтинмоқда. Ёшлар Иттифоқи қорбобога хат ёзишни ташкил қилгани етмагандай, худди қизнинг тилагини қорбобо амалга оширганни кўрсатиш учун қорбобо бўлиб аравача кўтариб борибди. ЎзАдаги хабар “Қорбобо Қундузхоннинг тилакларини рўёбга чиқариш учун астойдил бел боғлади” деб бошланади. Қизнинг тилаги нима эди? Акаси ва синфдоши тузалиб кетиши. Қорбобо хасталарни тузатишга қодирми? Уларнинг қўлидан аравача олиб бериш келган, холос. Қундузхон аравача сўрамаган эди. Қизнинг тилагини қорбобо амалга оширмаган, амалга оширолмасди ҳам.

Фотиҳа сурасини ёд олмаган мусулмон бўлмаса керак. Шу сурада битта оят бор. Эътиқодимизни белгилаб беради: «Ийяка наъбуду ва ийяка настаийн!» Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз! Мусулмоннниг эътиқоди шу: ёлбориш, дуо қилиш, ибодат қилиш фақат Аллоҳга бўлиши керак. Аллақандай эртак қаҳрамонига эмас. Ўзи йўқ бўлган эртак қаҳрамонидан тилак сўралмайди.

Ёшлар Иттифоқи қорбобони илоҳийлаштириш билан нимага эришмоқчи? Мусулмоннниг болаларига қорбободан тиланишни ўргатаётган худосизларга болалар тарбиясини топшириб қўйдикми? Фарзандингизни ким тарбия қилаётганига эътиборли бўлинг. Болаларни кичиклигидан бошлаб эътиқодини бузиб қўйишларига имкон берманг. «Ва ийяка настаийн»ни болангизга ўргатиб, яхшилаб тушунтириб қўйинг. «Болалар янги йилда хурсанд бўлсин» деган фикрда пандда қолиб юрманг. Болангиз қорбобога сиғинишига йўл қўйманг.

Дарвоқе, шу хабарнинг эртасига Тошкентда испаниялик номдор машшоқнинг концерти бўлиб ўтди. Шу концертда бир неча қиз ўша отарчини қучоқлаб рақсга тушибди. Концертга билетлар Ёшлар Иттифоқига тарқатилгани маълум. Катта эҳтимол билан ажнабий отарчини қучоқлаб олган қизлар иттифоқ аъзолари, етакчиси ё фаоллари бўлиб чиқса керак. Бизга тинмай ўрнак қилиб кўрсатилаётган, ТВ, радио ва матбуотда тинмай маънавиятдан дарс ўтаётган, оммавий маданиятдан огоҳ қилаётган иттифоқчилар «уюшмаган ёшлар»га шу тариқа намуна бўлишмоқда.

Умуман олганда, ким кимни қучоқлаши билан ишим йўқ. Шунчаки, бу тарбиясизлар бизга тарбиядан дарс беришмаса бўлди. Болаларнинг онгини қорбобога сиғинишдек ифлос эътиқод билан заҳарлашмасин ҳам!

Индамасхўжа Камгапхўжа Ўғли

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *