«I am legend»: кинога сиғмаган ўлмас ғоя тўғрисида

Бунда асл ҳақиқат бор. Бунда ўлмас ғоя бор!

Бош ролда Уилл Смит ўйнаган «Мен афсонаман» ( «Я — легенда» / «I am legend» ) киносини кўргач, унинг аслида китоб асосида яратилганини билдим (китоб муаллифи — Ричард Матесон). Кино анчагина томошабиннинг эътиборини ўзига тортадиган даражада ишланган бўлса-да, китоби билан солиштирганда анча савиясиз чиққан. Кинода сюжет анча ўзгартирилган, бунинг устига китоб ифодалаган ғоя ва фалсафа йўқ бўлиб кетган.

Китобда бош қаҳрамон — сариқ сочли, оқ танли одам. Кинода эса аксинча, қора танли, қора сочли Уилл Смит. Майли бу томонининг аҳамияти йўқ. Ҳар ҳолда Уилл Смит кинога ўзгача жозиба бағишлаган.

Энди эса ҳаммага тушунарли бўлиши учун китобда асл ғоя қандай бўлганини қисқароқ ифодалашга ҳаракат қилсак.

«Мен афсонаман» китобида одамлар уларни вампирга айлантирувчи бактерия билан зарарланишади. Қонга ташналик бошланади уларда. 1940-йилларнинг ўрталаридаги адабиёт учун бундай ҳаёлот эгаси бўлган муаллиф илмий тушунчалардан ҳам хабардор бўлиши керак эди. Бактерия қонга тушгач, уни қуюлтиради ва елим каби моддага, инсонни эса қонсираган махлуққа айлантиради. Қондаги бактерия қуёш нури билан жуда тез реакцияга киришади ва натижада зарарланган одамларни ҳалок қилади. Шу сабабдан вампирга айланган жамият аъзолари фақат тунда ташқарига чиқа олишади. Кундуз пайтлари эса мутлақо қоронғу жойларда жон сақлашади.

Бош қаҳрамонда эса иммунитет мавжуд эди. Биргина у соғлом инсон. Вампирлар билан тўла дунёда биргина у ҳақиқий инсон. Йиллар давомида у атрофи қалъадек тўсилган уйида кун кечиради ва фақат кундуз маҳалда кўчаларга чиқади ва … инсонийликдан асар ҳам қолмаган вампирларни бирин-кетин ўлдираверади. Миқдор кундан кунга ошиб боради. Аммо бир куни унинг изидан тушишади…

Ҳалок бўлаётган қонсираганлар, бош қаҳрамон уларга қарши кундуз кунлари бир ўзи жанг қилаётган пайтда, тунлари цивилизацияни қайта тиклашади. Ўз ҳокимиятларини бунёд этишади. Полиция кучларини, ишлаб чиқаришни ва таълим соҳасини ташкиллаштиришади. Барчаси фақат тунда фаолият кўрсатади. Лекин, энди уларда катта бир муаммо бор. Қандайдир ёвуз махлуқ кундуз кунлари уларни қириб ташлаётган эди. Халқ энди Кундузги Иблисдан огоҳ эди. Ҳар оқшом чўкканда улар яқинларининг мурдаларига дуч келишарди. Уларнинг олимларидан тортиб полиция кучларигача буни тўхтатишдан ожиздек эди.

Ва ниҳоят вазият аниқ таҳлил қилиниб, чора топилди. Махсус техника яратилиб, уни таъқиб қилишди ва қўлга олишди. Мана у — охирги инсон. Энг сўнгги онги бутун, ҳар томонлама соғлом ҳазрати инсон. Бош қаҳрамон. Афсона. Уни қатл қилишга ҳукм қилишади. Чунки у барчага, аниқроғи қонхўр вампирларга қарши чиққан ягона инсон эди. Қонсираганларнинг кушандаси эди.

Кинода бир ит билан кун кечириб, вампирларга қарши дори излаган ҳарбий сифатида тасвирланган қаҳрамон, китобда мана шундай бутунлай бошқача ифодаланган эди. Китоб ғояси ҳам ўзгача эди:

«Ҳамма вампирга айланган пайтда СОҒЛОМ ИНСОН БЎЛИШ ЖИНОЯТ ҳисобланади!»

Абдулазиз Саидалиханов

2 комментария

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *