«Форматист». Ўзбек футболи келажаги ҳақида чала илмий-фантастик ҳикоя

2050 йил. «Футболни ривожлантириш бўлими» эшигини кимдир тақиллатди.
— Мен ўзбек олимиман, ажойиб кашфиёт қилдим, — деб ўзини таништирди сочини орқага силлиқ тараб олган ўрта ёшдаги киши.
— Ўзбек олими? Кашфиёт? Нималар деяпсиз, устимдан куляпсизми? Эшик ёнидаги мелисалар сизни қандай ичкарига киритди? — деб удағайлади «Футболни ривожлантириш бўлими» бошлиғи. Аммо меҳмоннинг кашфиёти ҳақида бироз тинглагач, қаҳрамонимиз уни ҳайдаб чиқаришга шошилмади. Олимнинг айтишича, келажакка сафар қилса бўладиган янги аппарат яратибди ва буни синаб кўрмоқчи экан. «Как раз!»
— Бу қурилма ёрдамида биз келажакка бориб, футбол ривожландими ёки йўқми, билиб кела оламиз — деб шошилиб гапира бошлади ўзбек олими, — масалан, ҳозир футболни ривожлантириш учун ишлаяпсизлар, тўғрими? Бу қанчалик иш беришини ўз кўзимиз билан кўриб келамиз. Хўш нима иш қилдингиз?

— Форматни ўзгартиряпман.
— Бунинг фойдаси нима? — ўзбек олими футболни тушунмаслигини шу ондаёқ билдириб қўйди. Лекин начора, кашфиёти ёрдам бериши мумкин.
— Фойдаси кўп. Олий лигамизда келишилган ўйинлар кўп. Ўйинлар сотилади. Ўртамиёна жамоалар ҳам кўп. Шуларга қарши курашмоқчиман. Шунинг учун шунақа формат қиляпмизки, ҳеч ким ўйин сота олмай қолади. Келишишнинг иложиси бўлмайди. 4-даврада 6 жамоа чемпионлик, олти жамоа лигадан тушиб кетмаслик учун курашади. Ана кураш!
— Юринг унда, йил охирига бориб кўрамиз.
*
Бир нима гумбурллади.
Бошлиқ ва олим ўзларини нотаниш хонада кўришди. Қайсидир клубнинг офисига ўхшаб кетаркан. «Олмазор» бўлса керак. Бир нечта одам ниманидир муҳокама қилишар, аммо ўтмишдан келган меҳмонларни пайқашмас эди.
— Ана, кучли олтиликка кириб олдик, энди нима қиламиз, чемпионлик учун курашамизми? — деди костюм шим кийиб олган тепакал киши.
— Қанақа қилиб курашамиз? Бизда 50 очко. «Қурувчи»да 70 очко. Бешта ўйинни ҳаммасини ютсак ҳам ета олмаймиз-у? — русча аралаш минғирлади спортивка кийиб олган ёшроқ йигит. Мураббий бўлса керак.
— Унда нима қиламиз?
— Ҳамма ўйинни ютқазсак ҳам олтинчи ўриндан тушиб кетмаймиз. Зўр-ку, анови «Қурувчи» ёки «Теримчи»ларга очко роса керак. Сотайлик ўйинларни? — деб таклиф киритди клуб бошлиғи.
— Ҳа пул ҳам зарил бўлиб туровди, бахонада ойликлардан ҳам қутулиб олардик, — деб тунғиллади менежер.
— Яхшиям олтинчига илиниб олганимиз, ана, еттинчи ўриндаги «Маъданчи» қаранг, униям очкоси етарли, барибир пастга тушиб кетмайди, лекин ўйинларни сотаман деса, харидорлар камбағалроқда…

*
Орқага қайтгач, бошлиқнинг кайфияти тушиб кетган эди. Сотаман деса, сотаверар эканда булар. Шошма-шошма, қараб тур санларни, шунақа формат ўйлаб топайки…
— Менга қаранг, ҳозир бир нарсани ўзгартирамиз, — деди у олимга қараб, — анови олмазорликлар нима деди, барибир чемпионлик учун кураша олмас эканмиз дейишдими? Йўлини топдим. Регламентни ўзгартирамиз. Охирги босқичга келган-да, ҳамманинг очкосини нолга айлантириб қўямиз. Олти жамоа тепада чемпионлик учун, олти жамоа пастда тушиб кетмаслик учун ўйнайди. Даҳшат!
Бошлиқ миясига келган янги схемага ўзи ҳам қойил қола бошлади. Тезроқ ўзгартириш киритгиси ва чиқиб журналистларга янги форматнинг афзалликлари ҳақида тўлқинланиб гапириб бергиси келиб кетди. Лекин аввал синаб кўрайликчи.
— Аппаратингни ишлат, яна бориб келамиз, — деди у олимга.

*
Шинамгина офис. «Темирйўлчи» деб ёзиб қўйилибди кираверишда. Клуб вице президенти ва бош мураббий эснаб-эснаб гаплашиб ўтирибди.
— Ишлар қалай, тренер? Учинчи давра қачон тугайди?
— 4-5 ўйин қолди
— Ҳмм… Қаранг, бизда 65 очко, 7-ўриндаги «Прогресс»да 38 очко экан. Демак, биз олтиликда бўлишимиз нақд эканда-а? Табриклайман.
— Раҳмат, раҳмат. Ҳа, нақд. Ҳамма ўйинни ютқазсак ҳам тушиб кетмаймиз, олтиликда бўламиз.
— Ҳамма ўйинни ютқазсакчи?
— Ҳа, ютқазсак ҳам, деяпманку!
— Тушунмадингиз, барибир олтиликка кирдик, тўплаган очколаримиз нолга айланиб кетади охирги босқичда. Ҳозирча биринчи ўринда бўлдик нима-ю, бешинчи ўринда бўлдик нима? Сотайлик, ана «Маъданчи»га, «Нурафшон»га… Уларга очко жуда керак-ку, олтиликка кириб олиш учун.
— Мен ҳам шуни айтмоқчийдим, сиз билмайсиз-да, ҳозир фақат шу олтилик учун кураш авж олган. Энг пастдаги жамоалар ҳам, барибир олтиликка кира олмаймиз-у, деб, ўша ўртадагиларга ўйинларни сотиб ётишибди. 5 очко билан охирги бўлди нима-ю, 20 очко билан охирги бўлди -нима? Барибир охирги даврада яхши ўйнаб, очко олаверади-да
Вице президент индамади.

*
Бошлиқ ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Наҳотки, футболни ривожлантириб юборадиган бирорта формат бўлмаса? Бу аблаҳлар ҳаммасига йўл топяпти-ку?
Яхшиси, шундоқ уч даврали қилиб юбораман. Бешта жамоа тушиб кетади. Бешта жамоа биринчи лигадан олий лигага чиқади. Бешта тушиб кетганидан кейин, ўртамиёналар ҳам қолмайди. Ҳамма ўйин қизиқ бўлади. Эврика!

*
— Ишларимиз юришиб кетди, хўжайин
Бошлиқ ўзини қайси клуб базасида эканини англай олмаётган бўлса-да, шкаф орқасига яшириниб олди ва тиржайиб кириб, хўжайинига ҳисобот бераётган одамнинг гапларига қулоғини динг қилди.
— Ҳа, нима бўлди?
— Авваллари бир жамоа лигадан тушиб кетарди. Бошқа жамоаларга очко керак эмас эди. Энди қаранг, пастки беш ўринни олмаслик учун нақ етти жамоа кураш олиб боряпти. Ҳаммасига очко кераг-е, вей!
— Яхшиям очколарни тўплаб олган эканмиз, — ишшайди тиржайган одамнинг хўжайини, — барибир чемпионликка курашишга очкомиз етмайди, лекин анови еттови жамоагаям сотамиз. Пул жуда керак бўлиб турибди…
Войдооод!

*

Войдооод!
Олим қани? Аппарат қани?
Чўчиб уйғониб кетган бошлиқ тушликдан кейин хаёл сурган ҳолатда кўзи кетиб қолганини пайқади. Ярим соатда шунча туш кўрдими?
Нега бу клублар фақат пул қилиш, ўйин сотиш ҳақида ўйлашади-а, унинг ўрнига мухлислар учун, ғалаба учун ҳаракат қилишса, бўлмасмикин, деб тушидаги қаҳрамонларни сўка кетди.
Бунинг учун футболни ривожлантириш керак. Бошқа йўл топиш керак. Столининг устида сочилиб ётган қоғозларни кўздан яна бир бор кўздан кечиргандек бўлди.
Боягина кўзини қувнатиб, ўзига жалб этаётган ҳар хил форматлардан кўнгли айниди… Ҳаммасини буклаб, ахлат челагига ташлаб юборди.
Футболни ривожлантириш керак. Клублар мухлислар учун, ғалаба учун ўйнашлари керак. Очко керак бўлмасам, ўша очко учун жон беришлари керак. Қандай қилиб? Энди бу саволга бошқа жавоб излай бошлади.

Қаҳрамон Асланов
http://tribuna.uz/

Биринчи изоҳ

  1. Manimcha biz UFF rahbariyatini ko’proq qo’llab-quvvatlashimiz kerak. Yuqoridagi formatlarda ham o’yin sotsa bo’ladi deyilayapti. Ammo hozirgi formatda ham yanada ko’proq o’yin sotsa bo’ladi. Yangi format baribir eskisidan yaxshiroq baribir.
    Menimcha, yangi super ligadagi har-bir klubda kamida 4-5ta 24 yoshga to’lmagan futbolchi o’ynashi shart qilib qo’yish kerak.

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *