«Бу кунлар»: Жаҳолатми ё жасорат?

(“Бу кунлар”ни ўқиб)

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон устида бошланган  (2017 й., 27-сентябр) ғавғолар бироз босилган шу пайтларда (2018 й., январ) “Бу кунлар” романининг электрон нусхасини топиб ўқидим. Ҳайратларим ва таассуротларимни ичимга сиғдиролмай, бир дафтарга ёзиб бордим. Босма китобни ўқиганимда, саҳифаларнинг ўзига ёзган бўлардим.

Бу ёруғ дунёда 77 йил яшаб қўйиб (Аллоҳга шукрларим!) жуда кўп илмий, бадиий, илмий- оммабоп китоблар ўқидим. Сатрлар остига чизиб-чизиб, саҳифалар четига фикрларимни ёзиб-ёзиб, хатоларини тузатиб-тузатиб, завқланиб-завқланиб, роҳатланиб-роҳатланиб, баъзан нафратланиб-нафратланиб,кўпинча ўрганиб-ўрганиб ўқидим. Ўқиганларим ичида Ўзбекистоннинг йигирма йиллигига бағишланган “Бу кунлар” жуда бошқача асар, ўхшашини илгари учратмаганман, фақат “Архипелаг ГУЛАГ” бироз яқин. Муаллиф ўз китобини ҳужжатли, сиёсий-ижтимоий рўман  дея атабди, мен илмий, таҳлилий, танқидий, оммабоп деган сифатларни ҳам қўшган бўлардим.

Асарнинг бош қаҳрамони — шахс эмас, мазлумлар, золимлар,  мунофиқ ва маддоҳлардан иборат Жамият (бошқа тоифалар кўрилмаган). Дастлабки иккитаси: халқ ва унинг тепасида турган Ҳокимият (ҳукмдорлар маъносида!). Қолганлари китобни ўқиганда маълум бўлади. Тўртовининг образи ва қисман, тақдири  кўриниб турибди ва… тасвирланган эмас, баён этилган. “Тасвирлаш” сўзида муболаға иштирок этади, баён эса, аҳволни қандоқ бўлса, шундайлигича кўрсатади. Воқеаларнинг иштирокчилари ҳам катта-катта одамлар:биринчи президент Ислом Каримов, Бош вазир, МХХ раиси Рустам Иноятов, ИИВ вазири Зокиржон Алматов ва булар қаторида Йўлбарс Шералиев деган шахс, Ўзбекистон қаҳрамонлари — шоирлар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, муфтий Усмонхон Алимов, мухолифатчилар, уламо, олимлар, адиблар (ҳаммаси ўз лавозимида ишлаб турган шахслар);қўрқинчли идоралар: МХХ, ИИВ, Дин ишлари қўмитаси кабилар.

Асарда сюжет, сюжет йўналиши, тугун, ечим деган нарсалар йўқ, воқеалар эса, кўп, бир-бирига боғланмаган шунинг учун қисқача мазмуни (аннотацияси)ни ёзиш ҳам қийин. Муаллиф турли мавзулар ва воқеаларни бир-бирига боғлаб, яхлит бадиий асар шаклига келтирган. Бу, бироз сунъий бўлса ҳам, аслида, ҳаётда учраган катта бир тадбир (дарахт кўчатлари экиш ҳақидаги буйруқ) таъсирида юзага келган.

Асарни ўқишга киришганда, у 2013-2014 йилларда ёзилганини эътибордан қочирмаслик зарур.

Ушбу мақолани ёзаётиб, асарни бошдан-оёқ таърифлаб беришни мақсад қилиб қўйганим йўқ. Ўқувчиларнинг бир қисми уни ўқиб улгуришган, қолганлари энди ўқишади, деб фараз қилдим. Шундай бўлса ҳам бир-икки иқтибос, мақола қизиқарли бўлишига хизмат қилади, китобни ҳозирча ўқимаганларга рағбат бўлади:

“Ушбу китоб… – оддий, меҳнаткаш, муштипар халқнинг дунёқарашини илғашга, орзу истакларини кўрсатишга уриниш десак бўлади.”

“Мустақилликни қаттиқ истаганлар ҳам, мустақиллик учун курашганлар ҳам бир четда қолиб, унга бутунлай бошқалар – мустақиллик йўлида кураш тугул, аксинча, унга қарши бўлган коммунистлар эга чиқди.”

“Мен давлатни бугун бошқараётганларга ва ҳозиргидай бошқариш усулларига қаршиман, мухолифман! Аммо бугунги мухолифчилар орасида ҳам эмасман!”

“Бугунги давлат, бугунги ҳукуматнинг ҳоли, иши кўз ўнгимизда, очиқ. Йигирма йиллик тажрибадан хулоса қилсам, назаримда:

— Ўзбекистон давлати мустақилликка лойиқ бўлмаганлар қўлига ўтди;

— иқтидордаги бу давлат сиёсатни бошдаёқ хато мафкура асосига қурди;

— чексиз ҳокимиятни қўлга олган бугунги иқтидор бора-бора давлат идорасини нафс орзу-истакларига эриштирувчи қуролга айлантирди;

— ватан, халқ, миллат манфаатини аста-секин орқа қаторга суриб ташлади;

— булар устига, ҳокимиятни бошқаларга мутлақо бермоқчи эмас!”

Номлари юқорида санаб ўтилган ва ҳамон иқтидорда турган амалдорларнинг халққа, Ватанга, ислом динига нисбатан қилган зулм ишлари, қаҳрамон шоирларимизнинг хатолари қўрқмасдан, далиллар билан фош этиб ташланган. Бу гапларни (шоирлар ҳақидаги гаплар мустасно) асар ёзилган пайтларда (ва ҳозирги кунларда ҳам!) бировга шипшитиб айтиш ҳам катта фожеаларга олиб келиши мумкин эди. Муаллиф фош этиш билан чекланиб қолмай, қандай йўл тутилса, адолат юзасидан бўлишини, муаммо ижобий ҳал бўлишини ҳам айтиб ўтади.

Китоб ўқиш тажрибаси борлар ва кўп ўқиганлар айтсинлар-чи, коммунистлар ҳокимиятга келган 1917 йилдан буён ва, энг муҳими, асар персонажлари ҳаётлик пайтида ва ўзларининг “даҳшатли” лавозимларини эгаллаб турган пайтда“Бу кунлар”га ўхшаган китоб ёзилганми? Мен бунақасини билмайман. Юқорида эслаганимдек, фақат “Архипелаг ГУЛАГ”бор, унда қамоқхоналардаги ҳаёт ва зулм  акс этган, “халқлар доҳийси”Сталин ҳақида ҳеч гап йўқ.

“Бу кунлар”ни ўқиётиб дафтаримга “Жасорат!” деб ёзиб қўйдим. Ҳар қандай яхши асар муаллифнинг, ўзига яраша жасоратидир, лекин Нуруллоҳ кўрсатган жасоратга  етадигани йўқ!

Унинг жасоратини пайғамбарлар отаси – Иброҳим ҳалилуллоҳнинг жасоратига ўхшатдим.

Маълум-ки, Иброҳим алайҳиссалом уч марта кўрган тушларига ишониб, кексайган чоғларида туғилган, жондан азиз фарзандлари Исмоилни қурбон қилишга бел боғлайдилар. Бундай иш унча-мунча одамнинг қўлидан келмайди, Иброҳим (а.с) эса шундай жасорат кўрсатадилар ва Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўладилар.

Нуруллоҳ эса, бир фарзанди эмас, кўпкишилик  оиласи ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, “Бу кунлар”ни ёзди ва Интернет тармоғида эълон қилиб юборди! Бундан кейин уни нималар кутаётганини тахминан билар эди. Билиб туриб, ўзини ўтга урди! Жасорат айнан мана шунда!

Таъқиблар бошлангач, илм олиш мақсадида илгарироқ Туркияга кетган фарзандлари ортидан, қолган оила аъзоларини ёнига олиб, ўзи ҳам чиқиб кетди. Ўша ёқларда уч йилча юрди. Ниҳоят, Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 24 сентябрида  БМТ Бош Ассамблеясида қатнашиб, сўнг, АҚШда юрган ватандошлар билан учрашдилар, Ватанга қайтишга даъват қилдилар. Бу даъват дунё бўйлаб сочилиб кетган ватандошларга қаратилганини ҳисобга олиб, Туркияда юрган Нуруллоҳ Ватанга қайтишга қарор қилди. 27- сентябрда Тошкентга қўнди ва… қўлига кишан урилиб, қамоққа ташланди…

Шавкат Мирзиёев нутқларидан бирида, бизда маданият етишмайди, деб айтган эдилар, беихтиёр эсга тушди. Яхшиямки, Нуруллоҳ ҳибсга олинганидан хабар топиб, зудлик билан хатони тузатдилар, ҳозир у илгаригидек озодликда юрибди, лекин қўзғатилган иш очиқлигича қолган.

*  *  *

“Бу кунлар”ни ўқиган одамда қатор-қатор саволлар туғилади: нима учун Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон шу асарни ёзди? Нима қиларди ўзига ҳам, оила аъзоларига ҳам хатар туғдириб? Ҳамма қатори жим-жим юраверса бўлмасмиди? Бир ўзининг қўлидан нима иш келарди? Жамият аҳволини ўзгартир олармиди? Ёки обрў орттирмоқчи бўлдими? У шунчалик мақтанчоқ одамми? Ва ҳоказо…

Йўқ! Мақтаниш, обрўга интилиш каби иллатлар Нуруллоҳ учун бегона. Мусулмонлар диний идорасининг нашриёти раҳбари эди, кўп йиллар давомида журнал ва газета нашр қилишда бош-қош бўлди, кўплаб диний китобларни чоп эттирди. “Бу кунлар”ни ёзиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилиш билан Аллоҳнинг айтганларига амал қилди холос. Бор айби шу!

Аллоҳ, расули (с.а.в.) тили билан, агар сен гуноҳни, ширкни, куфрни, зулм ва шу каби залолат ишларни кўра — била туриб, индамасанг, уларга қарши курашмасанг, демак иймонинг заиф экан, деб марҳамат қилган. Нуруллоҳни ҳаракатга келтирган куч мана шу мазмундаги ҳадисдир.

*  *  *

Энди, Нуруллоҳнинг бошига шу-унча ғавғоларни солган экспертлар ҳақида сўз айтсак. Мен бу ўринда айтайлаб “ғавғо солган” деб айтаяпман, аслида “сабабчи бўлган” десам тўғрироқ бўларди. Гап шундаки, қонун қўриқчилари ёзма ҳужжатга қаттиқ ёпишиб оладилар, буни ҳамма билади. Ундан фойдаланишнинг нозик бир усулини ҳамма ҳам билавермас, балки. Мабодо, айбланувчи тергов-сўроқ давомида ўзининг ҳимояси учун кучли бир далил-исбот келтириб қўйса, қонун қўриқчилари ўша ҳужжатни қалқон қилиб: “Мен сизни тушуниб турибман, ўзимга қолса сизни чиқариб юборардим, аммо мутахассисларнинг мана бу хулосаси бор, энди ҳеч нарса қилолмайман” қабилида ўзларини оппоқ қилиб кўрсатадилар, буёғида ким муттаҳам бўлиб қолишини тасаввур қилаверинг. Бу, кенг тарқалган иш услубидир.

Эй, муҳтарам эксперт аъзолари! Нуруллоҳнинг китобини экстремистик асар, конституциявий тузумга тажовуз, деб баҳолаётганингизда асосий даъвогар сизлар бўлиб қолишингизни билмаганмисиз? Сизлар ёзган хулоса матнини кўрмаганман, бунга имконим ҳам йўқ, назаримда, масалага нотўғри ёндашгансиз. Аниқроқ фараз қилсам, асарда айтилган баъзи гапларни умумий матндан ажратиб олиб, таҳлил қилавергансизлар ва пировардида, жиноят кодексининг фалон моддасига тўғри келади, деб хулоса чиқаргансизлар. Бунақада кодекснинг бир эмас, бир нечта бандини, улар, ҳатто тўғри келмаса ҳам тиркаб юбориш мумкин!  Шу тарзда хулоса чиқараверсак,юртимизда яна кўплаб “Жаслиқ”ларни қуриб ташлашга тўғри келади-ку! Худога шукр, аҳолимизнинг аксари ёшлар, уларни қаергадир жойлаш керак… , “Жаслиқ” деб ном берилишида ҳам бир “ҳикмат” борга ўхшайди…

*  *  *

Илмий тадқиқотда “системали ёндашиш” деган бир усул бор. Оддийроқ қилиб айтганда “ҳар томонлама ёндашиш”га мос келади. Бу усулнинг ҳикмати шундаки, битта гапни умумий матндан узиб олиб таҳлил қилинса битта сифат кўринади, иккита гап таҳлил қилинса – иккита сифат кўринади. Матн яхлитлигича таҳлил қилинса, ҳеч қаерда айтилмаган, ҳеч кимнинг, ҳатто муаллифнинг ҳам хаёлига келмаган бир сифат ялт этиб юзага чиқиб қолади. Асардаги ёки унинг муаллифи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондаги ана шундай ноёб сифатни топиш имконини бой бергансизлар.

*  *  *

Системали ёндашиш нималигини билмаган одам ҳам Нуруллоҳнинг оташин сўзларини ўқиганида қалби титраб кетади-ку, ахир! Мана, бир-иккитасини эслатаман:

“Оллоҳ кўрсатмасин, чеккадан биронта давлат, ҳар қанақа олийжаноб ғоя билан, ҳатто “золимни ағдариб ташлаб халққа озодлик бериш ” мақсади билан-да бўлсин, агар Ватанимга хавф солса ва мамлакатимга бостириб кирадиган бўлса, у давлат қанчалик кучли-қудратли бўлмасин, ёшим ҳам олтмишга бориб қолганига қарамай, қўлимга қурол олиб Ватаним ҳимоясига чиқаман!” Бу нутқ китобда айнан шундай, муҳим жойини ажратиб ёзилган. Инсоф билан айтинглар-чи, шу гапларни ёзишга ақли етган одамни конституциявий тузумга тажовуз қилаяпти, деб айблаш керакми? Бошидан зар сочиш керак! Конституциянинг бетига тупуриб қўйганлар,уни муттасил оёқ ости қилиб келаётганлар бир чеккада қолиб, уларни асосли танқид қилган одам “тажовузчи” бўлдими? Оддийгина, мантиқ деган нарса қаёққа кетди? Ёки, қонунларимиз қасос олишга изн берадими?

Бу иқтибос камлик қилаётган бўлса, мана, яна биттасини ўқинг: “Қурол, уруш-жанжал, тўпаланг миллатга ҳам, ватанга ҳам катта зарар келтиради.” Шу гапни биринчи бор ўқиганимда, ўтган  йили Саакашвили Украинада уюштирган оммавий ғалаёнлар кўз олдимга келди. Украина суди шу ҳаракатларни ҳам конституциявий тузумга тажовуз, деб баҳоламади-да! Бизда эса… Демак, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг  “Бу кунлар” деб аталган рўмани Украинадаги ўша даҳшатли ғалаёнлардан ҳам даҳшатлироқ экан-да?

*  *  *

Хўш, “Бу кунлар” китобининг муаллифи конституциявий тузумга қарши эмаслигини сизларга уқдириш учун яна қанақа қасам ичиши керак эди? Муаллифнинг қайсидир гапларини  жиноят кодекси билан баҳолабсизлар, мен назарда тутаётган оташин сўзларини ҳам баҳолаш лозимлиги хаёлингизга келмадими ёки шунақа кодекс тополмадингларми? Илгари, экстремистик руҳда битилган бўлса ҳам, коммунизм қурувчисининг маънавий кодекси бўлгучи эди, ҳозир бунақа нарса йўқ, лекин сизларнинг қалбингизда йўқмиди, ўшанга ўхшаган кодекс?

Келтирилган иқтибослар ва китобдаги бошқа оташин сўзларнинг битта камчилиги бор: ғазаб ва аламларни кетказолмайди, қасос ўтини ўчиролмайди. Наилож…

Ўтган асрнинг тахминан 30- йилларида, оташқалб шоиримиз Ҳамид Олимжон: “Ҳар бир қонун ва ҳар бир асос замирида ётарди қасос”, деб ёзган эди. Ҳозирги кунларда бўлаётган кў-ўп ишлар ўша сўзларни ёдга солади…

Сизларнинг, хулоса тайёрлаётгандаги“меҳнат”ингизни мен нотўғри тасаввур қилаётган бўлишим мумкин. Эҳтимол, дилингизни қандайдир ҳадиклар кемиргандур, ҳаммамиз ҳам қусурли бандамиз, Нуруллоҳга нисбатан шахсий муносабатларимиз бордур…

Нима бўлганда ҳам, ғишт қолипдан кўчди, номинглар тарих саҳифаларида қайд этиладиган бўлди. Табриклайман.

Яхшиямки, Президентимиз “Бу кунлар” рўмани муаллифига нисбатан бағрикенглик намунасини кўрсатдилар, ваҳоланки, асарда Бош вазирга ҳам тегиб кетадиган гаплар бор эди. Адолатпарвар одам мана шунақа бўлади, зулмга ҳам йўл қўймайди! Бошқалар ҳам Шавкат Мирзиёевдан ўрнак оладилар дея умид қиламиз. Аллоҳ қўлласин!

Қудрат Дўстмуҳаммад

                                         Кибернетика фанлари бўйича мутахассис, 

                                         фан номзоди, профессор, Ёзувчилар   

                                         уюшмаси аъзоси, 2018 йил, 21 январ

17 комментариев

  1. Мана шунақа бўлади тақриз!
    Раҳмат, Домла!
    «Демак, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Бу кунлар” деб аталган рўмани Украинадаги ўша даҳшатли ғалаёнлардан ҳам даҳшатлироқ экан-да?» дебсиз. Айримлар учун Нуруллоҳ домла Гитлердан ҳам даҳшатли! Ахир Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон уларнинг «Худоси»га қарши гапларни ёзиб юбордилар-да!
    Мен сиздек инсонлардан «Бу кунлар»га ўзларича ҳукм ўқиганлар, Эшон бувага очиқ хиёнат қилганлар, қасд қилганлар ҳақида «У кунлар» деган китоб ёзиб беришингизни, халқнинг, эркнинг ҳақиқий кушандаларининг жирканч башараларини очиб ташлашингизни илтимос қиламан!
    Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир кабиларнинг бошини еганларни халқ таниши лозим бўлганидек, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондек эл, юрт қайғусида ёнган инсонларни турмада чиритишни истаган, бунга хизмат қилган, қарашиб юборган маразларнинг кимлигини халқ билиши керак. ИСМИ ШАРИФИ билан. Эртага эмас, БУГУН!

    1. Тура Мурод ака, мен Нуруллох Мухаммад Рауфхонни асарларини куп йиллардан бери укиб бораман. Аникроги «Хидоят» журналига мухаррирлик килганларидан бери. Шунинг учун хам мен Сизни гапингизга кушиламан. Мен Сизни жонкуярлик билан юрагингиздан ёзган шархингизни укиб Сизга тан бердим! Омон булинг ака! Кани энди хеч булмаса Хакикатни айта олган илмли зиёлиларимизни химоясига Сиздек калкон була оладиган инсонлар купайса! Лекин айнан Сиз талаб килган нарсани амалга ошиши учун яна бир ковун пишиги керакмикан? Ёки ковун пишигигача букаламунлар Адолатчига айнишга улгурармиканлар? Мен мана шу охирги вариантни руй беришини реаллика якинрок деб уйлайман. Сабаби хеч ким узи утирган дарахтга арра солмайди…

  2. Бу асар аллақачон оммалашиб кетган. Мақолангизни эринмасдан тўлиқ ўқиб чиқдим.Адолатсизликни қилишига сабаб,танқид қилинган тараф экспертизадан ўтказгани.Ҳамид Олимжон ҳақ гапни айтган экан,улар ўз ваколатидан фойдаланиб ёзувчидан қасос олишмоқчи бўлишган

  3. Тура Мурод ака, мен Нуруллох Мухаммад Рауфхонни асарларини куп йиллардан бери укиб бораман. Аникроги «Хидоят» журналига мухаррирлик килганларидан бери. Шунинг учун хам мен Сизни гапингизга кушиламан. Мен Сизни жонкуярлик билан юрагингиздан ёзган шархингизни укиб Сизга тан бердим! Омон булинг ака! Кани энди хеч булмаса Хакикатни айта олган илмли зиёлиларимизни химоясига Сиздек калкон була оладиган инсонлар купайса! Лекин айнан Сиз талаб килган нарсани амалга ошиши учун яна бир ковун пишиги керакмикан? Ёки ковун пишигигача букаламунлар Адолатчига айланишга улгурармиканлар? Мен мана шу охирги вариантни руй беришини реаллика якинрок деб уйлайман. Сабаби хеч ким узи утирган дарахтга арра солмайди…

  4. Salom hurmatli ijodkorlar yoki adolat kuychilari maqolalaringiz ajoyib va dolzarb bu muammolarni esa chiqarib albbat o’z o’rnida yumoristik holatda izohlab berish bugun kun jurnalistlari uchun qizil kitob darajasidagi qobiliyat bo’lib qolgan.
    Sizlarga rahmat va OMAD.

  5. Ҳали ўша экспертларга ҳам навбат келади… Давру даврон ўткинчи, ҳақиқат абадий қолишлигини наҳотки билишмади.

  6. Бу китобни ман ўқиб чиққанман, манимча сизларнинг сайтингизга эълон қилишга рухсат беришмаса керак. Шундай бўлса-да, жасоратингларга қойил!!!!!!!!!!!!!!

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *