Ўткир Қаламтебратар: 2018 – 1988 = 30.  Ҳозир ёки ҳеч қачон

Хэмингуэйнинг мен яхши кўрадиган бир ибораси бор: Бошладингми — ғалаба қозон! Бизнинг бошлаганимизга қарийб йигирма йил бўляпти. Аммо… Кутаяпмиз! Яна саноқли соатлардан кейин катта ўйин! Корея халқи учун қандай билмадим-у, биз учун баҳснинг аҳамияти финалга тенг. Улар бир неча бор бошлаган ишларини охирига етказиб қўйган, бизни эса афсуслар, ўкинчлар, пушаймонлар эстафетасидан бошимиз чиқмаяпти. Майли, умид ўлмасин! Балки ўша биз кутган катта ғалаба бугундан бошланар! Унгача сиз билан хотира дафтарини титкилаб турамиз. Ҳар ҳолда вақтни “ўлдириб” туриш керак-ку…

1998-1988 = 10

Эслай оласизми, футбол юрагингиздан қачон жой олган? Биринчи кўрган ўйинингиз қайси? Шахсан мени футбол телбалигига Ватан жамоаси мубтало қилган. 1997 йил. Сентябрь. 9 ёш эдим. Ўзбекистон терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари билан ўйнаганди. Мен томоша қилган, ҳақиқатда ҳаяжон ва албатта қўрқув билан кузатган дастлабки футбол баҳси эди бу! Табиийки, ўша пайтларда бу учрашув 1998 йили Францияда ўтказилган Жаҳон чемпионатининг Осиё қитъаси учун саралаш босқичи доирасида ўтказилганига фаҳмим етмаган. Бироқ, Равшан Бозоровнинг сўнгги дақиқаларда урган голидан кейин, болаларча ирғишлаб дадамни қучганим кечагидек эсимда… Мен таниган, ёқтирган, ўйинларига ҳавас қилган биринчи ўзбек ҳужумчиси эди у! Оҳ, ҳозир битта шундай ҳужумчимиз бўлганида эди…Умуман, ЖЧга чиқиш учун илк уринишимизни эслаганимда — БАА билан икки ўйин, Бозоров ҳамда Бугало (сафардаги беллашувни бир эслаб кўринг-а…) кўз олдимга келаверади.

2002-1988 = 14

Терма жамоамизнинг иккинчи уриниши. Ох-ҳо, бу пайтга келиб яхшигина футбол “таҳлилчиси”га айланиб улгургандим. Бу давр — “даври ўтган” Сальков, “ўгай ўғиллар” — Маминов ҳамда Пашинин, шунингдек Христо Стоичковнинг “чала қариндошлари” даври эди. Увол кетган давр! Терма жамоамиз мундиалга “кўзини юмиб” чиқиши мумкин бўлган давр! Австралия-ю Эрон, Япония-ю Корея, Арабистони-ю Ироққа тўқнашмай “тўкилиб” кетди-я. Биз Сальковнинг “топқирлиги”, шунга яраша Маминовнинг “парашюти”, орқасига “…вич” қўшимчаси бор футболчиларга маҳлиё бўлиб турганимизда — БАА аямай савалади, Уммон, умуман — “духимиз”ни олиб қўйди (сафардаги 0-2, қандайдир йигирма дақиқа ичида 4-2 га айланганини унутиб бўлармиди…).

Аслида бизнинг ўша пайтдаги ўйинимизга энг муносиб баҳони ўзи сезмаган ҳолда Бора Милутинович берган эди: “Агар шу гуруҳдан чиқолмасак, ўзимни Буюк Хитой деворидан ташлайман!”. Миржалол Қосимовнинг Қатар ва Уммон дарвозасига жаримадан йўллаган заргарона голлари увол кетганига ҳозир ҳам ачинаман…

2006-1988 = 18

Бу пайтда дадам — “Ўзбекистонинг қирқ йилда ҳам жаҳон чемпионатига чиқолмайди”, – деган хулосага аллақачон келиб бўлган, мен эса Тошкентга ўқишга кириб, барча ўйинларни стадиондан кузатиш “бахтига” (қўштирноқнинг маъносини тушундингиз!) мушарраф бўлган эдим. Учинчи уриниш! Германиялик мутахассис билан бошлаб, британиялик мураббий билан якунлаган ўша машъум босқичимиз! 2003 йилда ёшларимизни мундиалга олиб чиққан Юрген Гедега — катталар билан ишлаш тажрибаси йўқлиги панд берган бўлса, Боб Хоутонга “япониялик Герострат” ҳалақит қилган эди. Герострат ким дейсизми? Герострат — тарихда ўзидан ном қолдириш учун Афинадаги етти мўъжизадан бири — Артемедиа ибодатхонасига ўт қўйган золим! (японияликнинг номини атайин тилга олмадим).
Умуман, ўша пайтда терма жамоамизнинг Баҳрайнга қарши кўрсатган ўйинларини “мўъжиза”, – деб бўлмайди-ку, аммо, агар… Буёғини биласиз! Дарвоқе, 2006 йилги ЖЧ саралаши ҳақида гапирганда Қувайт билан Тошкентда ўтган драматик учрашувни эсламасак инсофдан бўлмас (Шундоғам, терма жамоамиз иштирокидаги иродали ўйинлар камёб ҳодиса ҳисобланади). Ўйинни стадиондан кўриш насиб этмаган. Шундан бўлса керак, ҳалигача, ўша куни биздан “зачёт” топширишни талаб қилган домламизни эслаб тураман!

2010-1988 = 22

Хотира дафтаримга сиёҳ тушмаган. Эслашга арзигулик ҳеч вақо ҳам йўқ! “Боримиз шу!” деган ўша машҳур сўз бирикмасини — ибора деймизми, мураббийларнинг “формуласи” деймизми, айтмаганда! Айнан мана шу даврда Инилеев тилидан янграган эди у. Рауф ака ўзи яхши мутахассис-ку (ҳар ҳолда, 2007 йилги Осиё кубоги доирасида ўтказилган Ўзбекистон – Саудия Арабистони баҳсида терма жамоамиз ўз тарихидаги энг чиройли ўйинини кўрсатган), аммо шу гапни бекор айтган. Ҳозир, иккинчи лига жамоаси мураббийи ҳам мағлубиятга учраса, безбетларча — “боримиз шу” деб турибди! Хўш, яна нима дейиш мумкин… Баҳрайн ва қайсидир (оти эсимда йўқ) Абдулраҳмоннинг порлаши, Австралиянинг хотиржам ЖЧга йўл олиши ва “Қосимов даври — I” инқирози. Бўлди, мени ҳам ёдимда қолгани шу!

2014-1988 = 26

Бу ёшда одам оқ-қорани фарқлай бошлайди. Ўшанда биринчи марта “Отлар кечувда алмаштирилмайди”, – деган иборанинг мазмун-моҳиятини англаганман. Аслида, ушбу ҳақиқат — “бир пулга қиммат чўпчакка” айланишини жуда-жуда истагандик. Бунга бир баҳя, тўғрироғи Ўзбекистон терма жамоаси Риога учадиган самалётга 2 дақиқагина кеч қолганди! Умуман, бу босқич ҳақида кўп гапирмоқчи эмасман. Ҳамма ўзидан ўтганини ўзи билади. Ўша хатолардан тўғри хулоса чиқарилган бўлса бас, шунинг ўзи мухлисларга етади!

Сарлавҳа ва “кичик сарлавҳачалар” ҳақида икки оғиз. Мени бир ёмон одатим бор. Қўлимга калькулятор тушса, тамом, дарров жаҳон чемпионатлари бўладиган йиллардан — ўзим туғилган санани айириб ўтираман. Буёғи болаларча мулоҳаза: “Агар бу сафар чиқмаса, нариги сафар чиқиши мумкин, шунда фалон ёшда бўларканман!”. Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўришни 10 ёшимдан орзу қиламан… Кўз очиб юмгунимча йигирма йил ўтибди. Аммо, умрни ҳам ўлчаб бермаган. Ҳеч кимга! Айтиб қўяй йигитлар, калькулятордаги ҳисоб-китобларга бошқа сабрим қолмади. Жилла қурса, “мана шу жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни ҳам кўрсам армоним қолмасди”, – деб ўтирган ёши улуғ мухлисларни ёддан чиқарманг!

 Ўткир Қаламтебратар

14 комментариев

  1. Mayli kim ne desa desin
    Babayanham ketsa ketsin
    Ustimdan kim kulsa kulsin
    Bizlarga g’alaba kerak.

    Suriyaham yutsa yutsin
    Mundialga chiqsa chiqsin
    Pley off ga chiqish uchun
    Bizlarga g’alaba kerak.

    Bizning fudbol kundan kunga
    Cho’kayotir ko’l qariga
    Qirg’oqga chiqvolish uchun
    Bizlarga g’alaba kerak.

    Agar chiqsak mundialga
    Ikkinchi mezbon bo’lardik
    Maydonlarni to’ldirardik
    Bizlarga g’alaba kerak.

    Axir, Nahot? shuncha imkon
    To’p tepmoq shunday mushkulmi
    Mahallamdagi bollarham
    Eplar edi go urishni

    Kerak bo’lsa yutar edi
    Kareyayu xitoyini
    Nom Ulug’ suprasi quruq
    Qurutaylik fudbolchilarni.

    Shuncha sharoitdan so’ngham
    Yutolmasak Koreani
    Ko’rnamaklik bo’lar Axir
    Bo’ldi yig’ishtir FUDBOLNI.

    VATAN UCHUN TO’P TEPGANDA,
    YURAGING YONIB TURMASA,
    BALO BORMI FUDBOL O’YNAB,
    MUNDIALGA CHIQOLMASA.
    @HarismanDHamiD

Изоҳ қолдириш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *